//Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ҳамда экспортини ташкил қилишнинг  долзарб вазифалари  ва истиқболлари 

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ҳамда экспортини ташкил қилишнинг  долзарб вазифалари  ва истиқболлари 

 

Мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги аграр соҳа истиқболига бевосита боғлиқдир. Бинобарин, Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштириш, хусусий мулкчилик шаклини ривожлантириш, айниқса, мева-сабзавотчилик соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”  Давлат дастури, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш концепцияси, шунингдек, Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, шу жумладан, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ривожлантириш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил амалга оширишда мавжуд илмий ва амалий имкониятларни кенг жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш асосида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва тармоқ экспорт салоҳиятини юксалтириш қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг истиқболли йўналишларидан биридир.

Республикада ноанъанавий, импорт ўрнини босувчи ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган ўсимликчилик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда инновацион ва интенсив технологияларни жорий қилиш ҳисобига маҳсулот ҳажмини ошириш юқори натижа бермоқда. Масалан, замонавий технологиялар асосида яратилаётган пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғларнинг 1 гектаридан ҳосилдорлик ўртача 20-25 тоннани ташкил этмоқда, бу эса анъанавий боғларга нисбатан 2-3 баробар кўпроқни ташкил этмоқда.

Экспортбоп мева ва узум маҳсулотлари етиштириш учун тоғ, тоғолди, адирлик ва лалми ерларни ўзлаштириб, бу ерларга интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этишга, уларни томчилатиб суғориш усулида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида интенсив ва инновацион қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли чоралар амалга оширилиши натижасида бугунги кунда республика бўйича жами 44 минг гектар интенсив боғлар, 2,5 минг гектар ёнғоқзорлар ташкил этилди.

Тасдиқланган тегишли ҳудудий Дастурларга мувофиқ 2019 йилда Республикада қарийб 20 мингга яқин фермер хўжаликларида 21 мингтадан зиёд лойиҳалар амалга оширилиб, уларда қўшимча ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш йулга қўйилади. Жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 6,4 минг гектар майдонда интенсив боғ, 4,7 минг гектар майдонда янги токзор ва 950 гектар иссиқхоналар барпо этилади.

Бундан ташқари, стратегияда белгиланган устувор йўналишларга мувофиқ органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш, ушбу жараённинг, аввало, ҳуқуқий асосини яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, стратегияда белгиланган устувор йўналишларга мувофиқ аҳолини экологик тоза ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда, қишлоқ хўжалигини  ривожлантириш борасида яқин ва ўрта истиқболда олдимизда қуйидаги муҳим вазифалар турибди:

— қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнларининг ҳуқуқий асосларини яратиш, ушбу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳисобига ички талабни қондириш ва ташқи бозорга сотиш чораларини кўриш;

— қишлоқ хўжалик маҳсулотларига давлат хариди механизмини босқичма-босқич эркинлаштириш, маҳсулот етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишда бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали қўшилган қиймат занжирини яратишни янада кўпайтириш бўйича тизимли ишларни олиб бориш;

— қишлоқ хўжалиги корхоналарини ресурслар билан таъминлаш ва хизматлар кўрсатишда давлат-хусусий шерикчилик механизмларини кенг жорий қилиш асосида ресурслар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш;

— қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида кластерларни ташкил қилишни ҳар томонлама рағбатлантириш, хорижий тажрибаларни чуқур ўрганган ҳолда аграр тадбиркорликнинг илғор шаклларини жорий этиш;

— қишлоқ хўжалигида ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларини янада кенг қўллаш, “ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаларини амалга ошириш, бу борада фермерлар кўникма ва билимлари даражасини ошириш бўйича тизимли иш ташкил этиш;

— қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашнинг хорижий давлатларда синовдан ўтган энг самарали иқтисодий дастакларини республикамиз шароитида кенг жорий этиш чораларини кўриш.

Ушбу тадбирларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши юртимизда иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини бўлган хусусий сектор ривожланишининг тўрт асосий йўналишидан бири — мева-сабзавотчилик маҳсулотлари тармоғини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этиш лозим.  Бинобарин, мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлашнинг ривожлантирилиши аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминланганлиги даражаси ошишини, қишлоқ ҳудудларидаги аҳоли даромадгирлиги ва экспорт салоҳияти ҳамда рақобатбардошлигини ошириш ҳисобига четдан келтирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини қисқартириб, валюта маблағларининг тежалиши ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Бунда экспортга кўмаклашувчи тузилмалар, транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш ҳам республикамизда мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантиришнинг долзарб вазифаларидан биридир.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — O`zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда республика Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши билан ҳамкорликда   Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан “Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ҳамда экспортини ташкил қилишнинг  долзарб вазифалари  ва истиқболлари” мавзусида ташкиллаштирилаётган илмий-амалий конференция Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг аграр соҳа, хусусан, мева-сабзавотчилик маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, логистика ва экспортига кўмаклашиш ва ривожлантириш борасидаги қарорларини ҳаётга тадбиқ этишга хизмат қилиши шубҳасиздир.

 

 

Актам Ахматович Хаитов ,

O`zLiDeP  Сиёсий Кенгаши  Ижроия қўмитаси Раиси