//“Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ҳамда экспортини ташкил қилишнинг долзарб вазифа ва истиқболлари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси тўғрисида

“Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ҳамда экспортини ташкил қилишнинг долзарб вазифа ва истиқболлари” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси тўғрисида

Жорий йилнинг  30 апрелида Тошкент шаҳридаги  “Ўзэкспомарказ”  АЖ  ITS бизнес-марказ конференц – залида “Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ҳамда экспортини ташкил қилишнинг  долзарб вазифа  ва истиқболлари”   мавзусида  Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — O`zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда республика Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилди.

Конференциядан кўзланган мақсад – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси  ижросини таъминлаш, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”  Давлат дастури, шунингдек Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ривожлантириш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил амалга оширишда мавжуд илмий ва амалий имкониятларни кенг жалб этиш орқали таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Конференцияда депутатлар, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, олимлар, тадқиқотчи-изланувчилар, фермерлар, агрокластерлар, хусусий корхоналар, тадбиркорлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар, чет эл капитали иштирокидаги корхоналар ва соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Конференциянинг асосий йўналишлари бўйича ялпи мажлисдан сўнг шўъбалар фаолият кўрсатди.

1-шўъба:“Мева-сабзавот маҳсулотлари-нинг етиштирилиши, чуқур қайта ишлаш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳаларни тадбиқ этиш ҳамда логистика ва экспортни янада ривожлантириш масалалари”;

2-шўъба:“Мева-сабзавот маҳсулотла-рини сертификатлаш, янги стандартлар, инновацияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларва  экспортни рағбатлантириш ҳамда ушбу соҳада ташкилий-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш масалалари”..

Шўъбаларда ҳар бир иштирокчи муҳокамаларда фаол  қатнашишди ва мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва логистика ва экспортини янада ривожлантириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Жумладан:

экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнларининг ҳуқуқий асосларини яратиш, ушбу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳисобига ички талабни қондириш ва ташқи бозорга сотиш чораларини кўриш;

— қишлоқ хўжалик маҳсулотларига давлат хариди механизмини босқичма-босқич эркинлаштириш, маҳсулот етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишда бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали қўшилган қиймат занжирини яратишни янада кўпайтириш бўйича тизимли ишларни олиб бориш;

— қишлоқ хўжалиги корхоналарини ресурслар билан таъминлаш ва хизматлар кўрсатишда давлат-хусусий шерикчилик механизмларини кенг жорий қилиш асосида ресурслар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш;

-мутасадди идоралар томонидан мева-сабзавотчилик йўналишидаги кластерларни ташкил қилишда ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий, ерларнинг балл-бонитети, мелиоратив аҳволи, аҳолининг зичлиги, кичик ва ўрта агробизнес тузилмалари  ривожланиши даражаси ва  бошқа омилларни чуқур таҳлил қилган ҳолда  жорий этиш масаласини ўрганиб чиқиш;

— мева-сабзавотчилик соҳасида (етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ва экспорти бўйича) кадрлар тайёрлаш, жумладан ушбу ушбу йўналишда талабаларни ўқитиш, фермерлар малакасини ошириш тизимини  қишлоқ хўжалиги ва технологиялари ривожланган хорижий давлатлар  тажрибасидан келиб чиққан ҳолда  тубдан қайта кўриб чиқиш.

— хорижий тажрибаларни чуқур ўрганган ҳолда аграр тадбиркорликнинг илғор шаклларини жорий этиш;

— мева-сабзавотчилик соҳасида ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларини янада кенг қўллаш, “ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаларини амалга ошириш, бу борада фермерлар кўникма ва билимлари даражасини ошириш бўйича тизимли иш ташкил этиш;

— қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашнинг хорижий давлатларда синовдан ўтган энг самарали иқтисодий дастакларини республикамиз шароитида кенг жорий этиш чораларини кўриш;

— экспортер фермер ва тадбиркорларга молиявий кўмаклашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

— республикамизнинг барча ҳудудлари кесимида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга оид технологик карталарни ишлаб чиқиш ва бунда ушбу ҳудудларнинг табиий-иқлим шарт-шароитлари, сув ресурслари билан таъминланганлиги, ерларнинг мелиоратив ҳолати ва б. инобатга олиш;

— мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланувчи  корхоналар фаолиятини чуқур тахлил қилиш, жумладан, ушбу корхоналарга мммаҳсулот узлуксиз етказиб берилиши, маҳсулот етказиб берувчилар билан шартномалар тузилиши ва шартномаввий мажбуриятлар амалда бажарилиши аҳволини мониторингини юритиш;

— мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни замонавий технологиялар асосида модернизациялаш масаласига  жиддий эътибор қаратиш ҳамда республика ва ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантиришда ушбу масалани инобатга олиш;

—  мева-сабзавот маҳсулотлари етиштираётган фермер ва тадбиркорларнинг ўзларига белгиланган тартибда узоқ муддатга ажратилган ердан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатловчи қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ушбу қонунларни амалда бажарилишини таъминлаш механизмини такомиллаштириш;

— мева-сабзавотчиликда қўшича қиймат занжирини яратиш масаласини доимий равишда ривожлантириб борилишини давлат сиёсати даражасига кўтариш;

— четдан валютага олиб келинаётган мева-сабзавот маҳсулотлари (кўчатлар, уруғлар ва х.к.) руйхатини танқидий ўрганиб республикамизда импорт ўрнини босувчи мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилишини йўлга қуйиш.

— токзор-боғзорларга ишлов берувчи трактор ва бошқа ускуналар, минитехнологиялар,  республикамиз ичкарисида кенг кўламда ва таннархи арзонлаштирилган   ҳолда ишлаб чиқарилишини ривожлантириш;

—   мева-сабзавотчилик соҳасидаги селекция тизимини ривожлантириш;

— республикамиз раҳбарияти томонидан мева-сабзавотчилик маҳсулотларини  экспортини рағбатлантиришга доир қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий  ҳужжатлар амалда бажарилишини мутасадди идоралар томонидан тизимли мониторингини амалга ошириш .

—  мева-сабзавотчилик соҳасидаги логистика ва таъминот занжирини бошқаришга илмий-амалий нуқтаи-назардан ёндашиш;

— мева-сабзавот маҳсулотларимиз экспорт қилинаётган хорижий бозорлар маркетингини чуқур ўрганишни тизимли ташкил этиш;

 

Конференция якунида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши,  Ўзбекистон Республикаси  Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш   агентлиги, Боғдорчилик ва иссикхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, “UzTRADE” акционерлик жамияти, “Ўзагроэкспорт”  акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум тузишга келишилди. Меморандум  томонларнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда имконият ва салоҳиятини бирлаштириш орқали экспорт соҳасига оид Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган устувор вазифаларнинг тизимли ижросини таъминлашга қаратилади.

Конференция якунлари бўйича иштирокчилар томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, логистика ва экспортини янада ривожлантирилишини таъминлаш борасида бир қатор мулоҳазалар билдирилиб таклифлар ишлаб чиқилди.

Мазкур таклифлар умумлаштирилиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, мутасадди вазирлик ва идораларга белгиланган тартибда тақдим этилади.

 

 

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни

қўллаб-қувватлаш маркази