//Мева-сабзавот экспортида қандай тўсиқлар мавжуд?

Мева-сабзавот экспортида қандай тўсиқлар мавжуд?

Иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини бўлган мева-сабзавотчилик юртимизда хусусий сектор ривожланишининг тўрт асосий йўналишидан бирини ташкил этади.  Таҳлилий маълумотларга кўра йилига 20 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилган ҳода экспортга ушбу маҳсулотнинг атиги 1/3 қисмига яқини экспорт қилинмоқда холос.  Ушбу етиштирилган маҳсулотнинг қарийб 70 фоиздан ортиғи қайта ишланмасдан қолмоқда. Бу эса мева-сабзавотчиликда қўшимча қиймат занжирини яратиш вазифасига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади. Бугунги кунда мева-сабзавотчилик  маҳсулотлари етиштириш (қайта ишлаш) логистика ва экспортига кўмаклашиш (рағбатлантириш) тизимини давлат сиёсати даражасига етказиш аграр соҳа ҳамда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш борасидаги асосий вазифалардан саналади.

Мева-сабзавотчилик маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантирилиши аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминланганлиги даражаси ошишини, қишлоқ ҳудудлардаги аҳоли даромадгирлиги ва экспорт салоҳиятини оширилиши, рақобатбардошлигини ошириш ҳисобига четдан келтирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини қисқартириб валюта маблағларни тежалиши ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

Ҳукуматимиз қишлоқ хўжалик соҳаси, шу жумладан, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини янада ривожлантириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, солиқ имтиёзларини яратиш  борасида изчил чора-тадбирлар кўрмоқда.

Айни пайтда, мазкур масалага танқидий ёндашадиган бўлсак, экспортни ривожлантиришга билвосита ёки бевосита тўсиқ бўлиб турган муаммоларни ҳал этиш лозимлиги аён бўлади.

  1. Мева-сабзавот маҳсулотлари бозорида шаффофликни кучайтириш. Мева-сабзавот экспортини рағбатлантириш. Бунинг учун, аввало, мавжуд муаммоларни бартараф этиш керак.

Авваломбор, мева-сабзавотчилик маҳсулотлари етиштириш билан банд бўлган фермер хўжаликларининг ердан узоқ муддатга фойдаланишга  бўлган эгалик хуқуқини қонуний мустаҳкамлаш, яъни оптималлаштириш жараёнига тушишдан кафолатловчи қонуний асосларни  яратиш лозим. Ушбу ҳолат мазкур фермер хўжаликларини замонавий экспортбоп кўчат навларини экиш, илғор агроинновация тадбирларини жорий этишга  туртки беради ва рағбатлантиради.

Ҳозирги вақтда деҳқон, фермерларнинг қўлида  кўп миқдордаги маҳсулот қолиб кетмоқда, уни хорижий истеъмолчига етказиб бериш (сотиш) тизими тўлиқ шаклланмаган. Бунда чет давлатлар билан ўзаро товар айрибошлашга оид келишувларга эришиш, уларнинг талабига жавоб берадиган мева-сабзавот экспортини рағбатлантириш, божхона идораларида яшил йўлаклар ташкил этиш, имтиёзли  кредит ва преференциялар берилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.  Бунинг учун етиштирилган мева-сабзавотни, қайта ишланган маҳсулотни чет элдаги савдо уйлари, консалтинг компаниялари орқали  экспорт шартномалари тузилиши ва етказиб берилишига кўмаклашиш ҳам айни муддао. Бунинг учун  мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия каби давлатларда давлат-хусусий шерикчилик асосида савдо уйларини очиш талаб этилади. Шунингдек, ўзлари етиштирган (қайта ишлаган) мева-сабзавот маҳсулотлари билан чет элдаги йирик кўргазмаларда қатнашиш иштиёқини билдирган кўзга кўринган тадбиркорларга (кўргазмада қатнашиш билан боғлиқ  сарф-харажатларнинг 30-50 фоизигача) молиявий кўмак кўрсатиш ҳам мақсадга мувофиқ.

  1. Чет эллик харидорнинг талабига жавоб берадиган мева-сабзавот маҳсулоти сифатини кафолатловчи тизим яратиш чора-тадбирлари:

Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириладиган ер майдони мелиоратив ҳолати, балл-бонитетини ошириш чора-тадбирларини кўриш.

Хусусан, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ер майдонларининг хусусиятларини (тупроқ таркибидаги микроэлемент, макроэлемент, органик таркиби, шўрланиши ва х.к.), ҳудудларнинг иқлим шарт-шароити, технологик карталари  чуқур ўрганилмаган ҳолда кўчатлар, уруғлар экилишига йўл қуймаслик лозим. Тан олиш керакки бугунги кунда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун ажратилаётган ер майдонлари сифати  ҳар доим ҳам ушбу ер майдонида етиштирилган маҳсулотни олишга иштиёқманд бўлган потенциал хорижий харидорлар  талабига жавоб бермайди. Бу ўринда келгусида хорижга экспорт қилиш мақсадида ташкил этилаётган  боғзор ва токзорлар ерининг сифатини, табиий унумдорлиги, мелиоратив ҳолати, сув билан таъминланганлиги ҳамда бошқаларни тубдан яхшилаш чораларини кўриш лозим.

        — сабзавот уруғи, дарахт кўчати етиштириш ва унинг сифатини кафолатловчи тизим яратиш.

       Экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотларини экиш ва парваришлаш бўйича ҳудудларга мос  ҳолда олимлар ва агрономлар томонидан технологик карталарнинг ишлаб чиқилиши, сифатли  уруғ билан таъминланишни йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ.  Бу ўринда шунингдек, экспортбоп кўчат навлари ва уруғлар етказиб берувчи хўжаликларни кўпайтириш, яъни селекция тизимини ривожлантириш ва уларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш даркор.

    — мева-сабзавот маҳсулотини етиштирувчи деҳқон, фермер малакасини мунтазам равишда  ошириб бориш. мева-сабзавот маҳсулотини импорт қилувчи давлатларнинг агроном олимлари, маркетологлари, фермерларини юртимизга ёки бизникиларни хорижга  юбориб, ўқув машғулотлари, тренинглар ташкил қилиш лозим.

Аграр соҳада энг катта муаммо – фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида етарли билимга эга эмаслигидир. Ҳохишдан ташқари, замонавий фермер агрономия соҳасида билим-кўникмага эга бўлган,  қишлоқ хўжалиги технологияларини бошқаришни мукаммал эгаллаган, замонавий ишлаб чиқариш ва инновация усулларидан  хабардор  бўлмоғи зарур.

Республикамизда қишлоқ хўжалиги, хусусан мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, логистика ва экспорти соҳасидаги мутахассисларни ўқитиш, малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш муҳим вазифалардан бири.. Бунда Европа Иттифоқи, Туркия, Хитой каби мамлакатлар аграр университетлари, илғор фермерлари, етакчи компаниялари тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Интенсив боғлар буйича Европа Иттифоқи (Италия, Франция, Голландия ва х.к.) мамлакатларидан  илғор агроном, муҳандисларни жалб қилиш маҳсадга мувофиқ.

  1. Фермерларга мева-сабзавот маҳсулот етиштирилиши ва экспортга кўмаклашадиган консалтинг-инжиниринг тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш.

Ушбу ташкилотларнинг малакали мутахассислари фермерларнинг ер тузилиши (сифати), ер-иқлим шаротини ўрганиб қайси турдаги экспортбоп маҳсулоти экилиши, ишлов берилиши, маҳсулот етилиши ва етиштирилган маҳсулотни экспортга чиқаришга амалий ёрдам бериб ахборот кўмагини кўрсатади.  Масалан,  «Pearls of Samarkand» ҚҚ (“Самарқанд гавҳари” қўшма корхонаси) экспортга йўналтирилган компания Самарқандлик фермерларни Австриянинг сертификациялаш ташкилоти – “Austria Bio Garantie Gmbx” билан боғлаган ҳолда   органик  мева-сабзавот маҳсулотларини   экспортини амалга оширади ва фермерларга органик мева-сабзавот маҳсулотлар етиштиришда  ахборот-консалтинг кўмагини кўрсатади. 

  1. Сертификатлаш тизимини такомиллаштириш. Тадбиркор, фермерларимиз хорижга маҳсулотларини сотишда, импортёр давлатлар томонидан маҳсулотга қўйилаётган сифат, сертификатлаш, фитосанитария, қадоқлашга оид ва бошқа талабларни ўрганишлари ва амалиётга жорий этишлари  лозим.  Бу масалада мутасадди идоралар элчихона, экспортни ривожлантириш ташкилотлари, божхона идоралари аниқ  маълумот берилишини таъминлаши, тегишли ахборот кўмаги кўрсатиши лозим. Мева-сабзавот маҳсулотларини халқаро сифат стандартлари бўйича сертификатлаш лабораториялари тармоғини туманлар даражасида ташкил этиш соҳа ривожига туртки бўлади.
  2. Мева-сабзавот маҳсулотини экспортга етказишда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, йўл харажатини қисқартириш. Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга эмас, шунинг учун тез айнийдиган мева-сабзавотларни хорижий истеъмолчига етказиб бериш долзарб бўлиб қолмокда. Буни ҳал этиш транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш, хусусан, автомобил, темир йўл, ҳаво-юк транспорти тармоғини ривожлантиришга бориб тақалади. Бугун ушбу тизимлардан фойдаланиш экспортчиларимизга жуда қимматга тушмоқда. Мутасадди давлат идоралари экспорт юкларини қўшни давлатлардан темир йўл, автомобил йўллари орқали имтиёзли нархларда ўтказиш бўйича музокараларга эҳтиёж сезади. “Uzbekistan Airways” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари товарларимизни экспорт қилиш бўйича замонавий логистика йўналишларини яратишлари зарур. Айни пайтда “Евро 5” стандартига жавоб берадиган автомобил халқаро юк ташувлари тизимини ривожлантириш чора-тадбирларини кўриш лозим.
  3. Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ахборот порталини тўлиқ ишга тушириш. Экспортга йўналтирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг турлари,  ҳажмлари, суммаси ва етиштириш ҳудудлари кесими тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, экспорт жараёнининг барча босқичларини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи бундай порталнинг ишга туширилиши ҳам экспортчилар учун бирмунча қулайлик яратган бўлар эди. Ташқи бозорларни ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотларини олиб борувчи консалтинг хизматларини ташкил этиш ва уларнинг материалларини интернет-сайтларда эълон қилиш ҳам бу масалани ҳал этишга қисман бўлса-да ҳисса қўшади.
  4. Маҳсулот тайёрлаш ва экспортни молиялаш соҳасидаги масалаларни ҳал этиш. Хорижий ҳамкорлар одатда маҳсулотни йирик миқдорда улгуржи сотиб олиш учун буюртма қилишади. Ўртамиёна фермер ёки тадбиркор 200-300 тонналик маҳсулотни бир ўзи етиштириши қийин. Шу туфайли экспорт контракти бўйича буюртмани бажариш учун кўплаб деҳқонлар, томорқа эгалари  ва деҳқон бозорларидан маҳсулотни йиғишга ҳаракат қилади. Бу эса товар кондиция –  сифати, нави ва ҳоказоларнинг турли хиллигига олиб келади.  Ушбу масалани ҳал этиш учун биринчи ўринда хорижий ҳамкорлар талабига мувофиқ экспортбоп тарзда каллибровкага келтирилган кўп миқдорда мева-сабзавот  маҳсулотлари йиғиш ва уни қайта ишлаш имкониятига эга махсус жиҳозланган терминаллар сонини кўпайтириш юзасидан чора-тадбирлар кўриш талаб этилади.

Шунингдек, боғзор-токзорларга, ерга ишлов берувчи замонавий техника ва технологияларни лизинг (савдони молиялаштириш) тамойиллари асосида олиб келинишини  рағбатлантириш лозим. Бу борада республикамиз банк муассасалари, лизинг ташкилотлари  хорижий  кредит линияларини жалб қилган ҳолда тадбиркор ва фермерлар билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантириши  зарур.

Мева-сабзавот терминалларини жиҳозлаш учун четдан техника ва технологиялар олиб келаётган тадбиркорларга божхона имтиёзлари янада кенгроқ қўлланиши ва молиявий кўмак берилиши айни муддао. Ушбу терминаллар экспорт юки ортиш учун мўлжалланган транспорт партиялари (контейнерлар, юк ташишга мўлжалланган (совутгичли) автомобил фуралари, вагонлар туркуми)га эга логистик марказлар билан бирга фаолият юритиши мақсадга мувофиқ.

Хорижий ҳамкорнинг йирик миқдордаги буюртмасини бажариш маҳсулот йиғиш учун тадбиркор ёки фермер аксарият ҳолларда деҳқон бозорларида аҳолидан мева-сабзавотни нақд пулга сотиб олишга мажбур бўлади. Барча тадбиркор ва фермер ҳам бунча йирик миқдордаги (500 миллион сўмдан 1 миллардгача ва ундан юқори) нақд пулга эга эмас. Шу ўринда экспорт шартномасини бажаришда экспортчи учун улгуржи савдони молиялаштириш масаласи кун тартибига чиқади. Бу ҳам ечилиши лозим бўлган жиддий масала.  Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти хавф-хатарини суғурта қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, кўчат, сертификатланган уруғ ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини ҳам мақбуллаштириш жоиз.

  1. Маҳсулот имижини яратиш. Юртимиздан чет элга сифатсиз маҳсулот жўнатган ва рекламация олган ташкилот, фермерлар рўйхати (реестри) яратилиши жоиз, токи бошқа чет эллик харидорлар алданиб қолиши ёки сифатсиз маҳсулот харид қилишига йўл қўйилмасин.
  2. Асосий савдо шерикларимиз бўлган давлатларнинг карантин, фитосанитария, сертификатлаштириш хизматлари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришиш. Бу  ушбу давлатларга маҳсулот етказиб берилгач, божхона ва сертификатлаш идораларида вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, тегишли ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш имконини беради.

Жаҳон мева-сабзавот бозорида бизга рақобатчи бўла оладиган хорижий давлатларнинг мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, логистика ва экспорт қилиш тузилмаси ва тартиботини чуқур ўрганиш, тажриба алмашиш ва бу соҳада кенг илмий тадқиқотлар олиб бориш.

  1. Мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимини ривожлантириш. Қайта ишлаш корхоналари ва фермерлар ўртасида шартномалар тузиш ва уларнинг ижросини таъминлаш. Бу борадаги қишлоқ хўжалик бирлашмаларини шакллантириш маҳсулотларнинг улгуржи бозорини яратишга хизмат қилиб, мева-сабзавотни етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга чиқаришгача бўлган масалаларнинг ечилишига хизмат қилади.

      Шу ўринда, мавжуд  мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш мажмуаларининг тўлиқ қувват билан ишлаши, хом ашё билан ўз вақтида узлуксиз таъминланиши, бу соҳадаги шартномавий мажбуриятлар бажарилишини ҳам алоҳида назоратга олиш, мониторингини юритиш  муҳим аҳамиятга эга. Шартномавий мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлик чораларини ҳам кучайтириш лозим. Айни пайтда,  деҳқон ҳам — маҳсулотни қайта ишловчи тадбиркор ҳам ўзаро манфаатдор бўладиган тизим яратиш лозимки, бунда деҳқон маҳсулотни қайта ишловчи корхонага етказиб беришдан манфаатдор бўлсин. Бунда маҳсулотни қайта ишловчи корхоналарга тегишли банклар томонидан мақбуллаштирилган фоизларда баҳор фаслида қисқа муддатга (6 ойгача) бўнак маблағлари билан таъминланиши ўз навбатида маҳсулот етказиб берувчи фермерлар билан олдиндан шартномалар тузилиши ва уларга олдиндан пул ўтказишга имкон яратади. Ушбу ҳолат маҳсулот етказиб берувчи ва қайта ишловчи корхона ўртасида молиявий манфаатдорликка асосланган кооперацияни ривожлантиришга хизмат қилади.

 

Ушбу таклифларимизнинг жорий этилиши соҳани янада такомиллаштириш ва иқтисодиётимизнинг юксалишига катта замин яратади.

 

 

 

Султонмурод  МИХРИДИНОВ,

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерларикни

қўллаб-қувватлаш маркази

бўлим  бош менежери

 

Маълумот олиш учун: +998 93 558-74-18