//«ЁШ ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР» ЛОЙИҲАСИ

«ЁШ ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР» ЛОЙИҲАСИ

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қошидаги Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди эълон қилган танлов ғолиби сифатида «Ёш тадбиркор – элга мададкор» лойиҳасини амалга оширмоқда.
Лойиҳанинг мақсади: Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг ишбилармонлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка бўлган қизиқишларини янада кучайтириш, фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиш, ёш тадбиркорларнинг ҳуқуқий, иқтисодий, сиёсий билим ва кўникмаларини янада ошириш, ёшлар томонидан яратилаётган инновацион лойиҳаларни хусусий сектор фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Парламент комиссиясининг 2019 йил 26 июлдаги “Маънан етук ва юксак маърифатли ёш авлодни тарбиялашда ижтимоий шерикликни кучайтириш мавзусидаги давлат гранти танлови ғолиблари тўғрисида”ги 27-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилнинг август ойидан 2020 йилнинг апрель ойига қадар даврда Тошкент шаҳрининг барча туманларида меҳнат билан банд бўлмаган, вақтинча ишсиз, тадбиркорликка мойиллиги бор ёшларни тадбиркорлик асосларига ўқитишдан иборатдир.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу фаолият турини йўлга қўйиш билан боғлиқ ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий билим ва малакани оширишга кўмаклашиш, ушбу соҳага татбиқ этиш мумкин бўлган илғор тажриба ва инновациялардан фойдаланиш, замонавий иш услубларини ҳаётга жорий этиш ва оммалаштириш, ўз бизнес-режаларини муваффақиятли ҳимоя қилган ва уни молиялаштириш учун банк сертификатини қўлга киритган иштирокчиларнинг тадбиркорлик фаолиятига яқиндан кўмаклашиш, йўл-йўриқлар кўрсатиш орқали уларни тадбиркорлар ва ишбилармонлар партияси — OʻzLiDeP сафига жалб қилиш.
Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрининг барча туман босқичларида 1000 га яқин иштирокчи қамраб олинади, уларнинг бизнесни ташкил этиш ва юритиш бўйича билим ва малакаси ўқув семинарларида оширилади ва натижада турли шаклдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил топади, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва олий таълимни тугатаётган ёшлар иш ўринлари билан таъминланиши кутилади.
Лойиҳанинг асосий ҳамкорлари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (OʻzLiDeP), Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси (OʻzSSP) Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Тошкент шаҳар бош бошқармаси, ваколатли тижорат банклари — “Қишлоққурилишбанк”АТБ, “Микрокредитбанк”АТБ, “Асакабанк” АТБ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Туронбанк” АТБ ва “Халқбанки” АТБ.
Лойиҳанинг иштирокчилари – Тошкент шаҳрининг барча туманларида яшовчи ва меҳнат билан вақтинча банд бўлмаган ёшлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчи талабалари ҳисобланади.
Лойиҳанинг якуний босқичида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, жумладан, оилавий тадбиркорликнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, яратилган имтиёз ва афзалликлар, улардан фойдаланиш йўл-йўриқлари”, “иқтисодиётнинг турли тармоқларида тадбиркорликни, айниқса, оилавий тадбиркорликни ташкил этиш ва юритиш”, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган солиқ имтиёзлари, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, оилавий корхона, шунингдек, юридик шахс ташкил этмасдан оилавий бизнес билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш манбалари: ўз ва қарз маблағлари (банк кредитлари, облигациялар ва акциялар бўйича тегишли мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилади, тавсиялар берилади.
Лойиҳа якунида, якуний, сараловчи босқичда иштирокчиларнинг саралаб олинган энг яхши бизнес режалари тақдимоти қилинади ва банклар фаолият йўналишларига мос ва ғолиб деб топилган бизнес-режаларни келгусида кредитлаш юзасидан танлаб олади.
Ушбу лойиҳа доирасида ташкил этиладиган ўқишларда давлатимиз раҳбарининг хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида қайд этиб борилади.