//“Ўзбекистон кўчмас мулк бозори ва унинг ривожланиш истиқболлари”

“Ўзбекистон кўчмас мулк бозори ва унинг ривожланиш истиқболлари”

Жорий йилнинг 5 августида Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ташкилотчилигида  “Ўзбекистон кўчмас мулк бозори ва унинг ривожланиш истиқболлари”  мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тадқиқотлар маркази, Янги бозорлар мутахассисларини тайёрлаш миллий маркази ҳамда Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси, АҚШлик экспертлар, фаолият юритувчи риэлторлар ва тадбиркорлик тузилмалари вакиллари иштирок этишди.

Мамлакатимизда изчил давом этаётган ислоҳотлар доирасида кўчмас мулк бозорини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, ушбу бозор иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, аҳолининг барча қатламлари турмуши билан бевосита алоқадордир. Шунингдек, кўчмас мулк турли мулкчилик шаклидаги  корхона ва ташкилотлар ривожланишининг ҳамда хўжалик фаолияти юритишнинг асосидир.

Шу боис ҳам кўчмас мулкка бўлган муносабатларда  профессионал иштирокчиларнинг, масалан,  кўчмас мулк ва унга бўлган ҳуқуқлар бўйича битимларни тузиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи риэлторлик ташкилотларининг ўрни катта.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида” Қонун қабул қилиниши билан бозор иқтисодиётини, жумладан кўчмас мулк бозорининг замонавий тизимини  шакллантириш йўлида навбатдаги муҳим қадам қўйилди. Қонун асосида  кўчмас мулк бозорини замонавий андозаларга мос равишда ривожлантириш,  ушбу бозор иштирокчилари билан давлат манфаатларини уйғунлаштириш  юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Ушбу қонун кўчмас мулк бозорида риэлторлик хизматлари истеъмолчилари хуқуқларига риоя қилиш ва уларни ҳимоялаш ҳамда риэлторлар томонидан ўз зиммаларига олинган мажбуриятлар бажарилиши устидан  тегишлича назорат ўрнатиш механизмини  яратади.

Мамлакатимизда кейинги вақтда шаҳарсозлик ва уй-жой қурилиши   жараёнлари ўсиши,  кўчмас мулк билан боғлиқ муносабатларни, шу жумладан ушбу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.  Шу жумладан,  вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимликларига риэлторлик фаолиятини лицензиялаш борасида ваколатларни ўтказилишига доир 2018 йилда риэлторлик соҳасидаги қонунчиликка киритилган айрим ўзгаришлар ушбу тизимнинг фаолияти ва қонун нормалари амалиётда қўлланиши жараёни сусайишига олиб келганлиги қайд этилди.

Умуман, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини шакллантириш ва уни янада кенгайтириш борасида муайян ишлар амалга оширилиши билан бирга, ўтказилаётган мониторинг  риэлторлик фаолияти ва ушбу бозор инфратузилмасининг  техник таъминотини ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда.  Бу борадаги ишлар аввало, риэлторлик ташкилотлари томонидан сифатли ва тезкор хизматларни кўрсатиш учун ҳам,  ушбу хизматларнинг мижозлари, шунингдек, риэлторлик хизматининг бошқа фойдаланувчилари учун ҳам зарур ҳисобланган расмий ахборот манбалари ҳақидаги маълумотлар базасини яратиш билан боғлиқдир. Шу ўринда,  “Риэлторлик фаолияти тўғрисида” Қонунни ҳаётга тадбиқ этиш  мобайнида риэлторлик фаолияти Миллий мултилистинг тизимини яратилиши белгиланган. Ушбу тизим риэлторлик фаолияти соҳасида шаффофлик ва ахборот ошкоралигини таъминлаши ҳамда ваколатли давлат  идораси томонидан унинг фаолияти устидан самарали назоратни таъминлаши лозим эди.  Шу ўринда,  Ўзбекистонда  риэлторлик фаолиятига оид тўлақонли Миллий мултилистинг ахборот тизимини яратиш ишлари охирига етказилмаганлигини  ҳам таъкидлаш лозим.

Айни пайтда, риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи бўлган Давлат активларини бошқариш агентлиги  риэлторлик фаолиятини тартибга солиш тамойилларини ривожлантириш борасида мутасадди давлат идоралари (Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги) ва вазирликлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиши талаб даражасида амалга оширилмаяпти.

Давра суҳбати қатнашчилари мазкур масалаларни ҳал этиш ва Республикамизда кўчмас мулк бозори ривожланишига туртки бериш учун 2025 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда риэлторлик фаолиятини ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиш ва  қабул қилиш лозимлигини қайд этишди. Мазкур Концепцияда риэлторлик фаолиятини тартибга солиш борасидаги ягона давлат сиёсатини  белгилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни шакллантириш, уни ривожланиш  истиқболларини  белгилаш лозимлиги таъкидланди.

Ушбу масалалар ечимининг топилиши пировард натижада кўчмас мулк бозори ва инвесторлар фаолиятида ижобий силжишларга туртки бериб Республикамизда риэлторлар фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Давра суҳбати якунлари бўйича Республикамизда кўчмас мулк бозорини  ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

2019  йил 6 август