//ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ АМАЛИЁТИГА 2023 ЙИЛДА БАРҲАМ БЕРИЛАДИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИНИ ЖОЙЛАШТИРИШ АМАЛИЁТИГА 2023 ЙИЛДА БАРҲАМ БЕРИЛАДИ

Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш амалиётидан 2023 йилнинг I чорагида воз кечади.
Бу ҳақда Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да қайд этилган. Стратегия 23 октябрь куни президент имзолаган фармон билан тасдиқланди.
Стратегияга асосан, экинларни давлат томонидан жойлаштириш амалиётига чек қўйишдан олдин – 2022 йил III чорагида – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини интенсификация қилишни рағбатлантирувчи қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш тизимига тўлиқ ўтилади.
Бундан аввал, яъни 2021 йилда:
– агросаноат мажмуида давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантиришга йўналтирилган қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилади;
– фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга моддий-техника ресурсларини етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ностратегик давлат корхоналари хусусийлаштирилади;
– давлат кредит маблағлари ҳисобига моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш амалиётидан воз кечилади;
– агросаноат мажмуи субъектлари ўртасидаги савдо муносабатларининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш учун стандартлаштирилган бўнак шартномалари тажриба сифатида жорий этилади.