//“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамаси

“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамаси

 “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамаси

 

Жорий йилнинг 18 февраль куни Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамкорлигида “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари, қатор вазирлик ва идоралар, партия фаоллари, тадбиркорлар иштирокида ташкил этилди.

Ушбу давра суҳбатида асосий эътибор мазкур қонун лойиҳасининг энг устувор жиҳатларидан бири бўлган тендерларда иштирок этаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хорижий етказиб берувчиларнинг имконият ва шарт-шароитларини тенглаштириш масалаларига қаратилди.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 январдаги “Электротехника саноатининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидлари доирасида ўтказиладиган тендерлар, танловларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун 20 фоизгача бўлган нарх преференцияси механизмини жорий этишни назарда тутувчи давлат харидларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Таъкидланганидек, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун кучга кирган пайтдан бошлаб давлат харидлари жараёнининг алоҳида иштирокчиларига преференциялар бериш тўхтатилганлиги барча маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун тенг имкониятлар яратди.

Бироқ, бугунги мавжуд ҳолат преференциялар йўқлиги туфайли эндигина оёққа туриб келаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар чет эл корхоналари билан рақобатлаша олмаётганлиги учун ўз маҳсулотларини сотишда мушкул ҳолатга тушмоқда. Ушбу ҳолат нафақат миллий маҳсулотларнинг дунё бозорида ўз ўрнини топишига, балки ички бозордаги ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, давлат маблағлари ҳисобига тендер ва танлов савдолари эълон қилинганда уларда хорижий етказиб берувчилар иштироки ва улар билан валюта орқали ҳисоб-китоб қилиш тартиби назарда тутилади. Одатда, бундай тендер ва танловларда божхона ва солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар берилмайди, хорижлик етказиб берувчилар мамлакатларида эса экспорт преференциялари тақдим этилади. Бу эса нархларнинг шаклланишида бозор иштирокчилари ўртасида тенг шарт-шароитлар мавжуд бўлмаслигига олиб келади.

Мавжуд вазиятда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳокама иштирокчилари томонидан ишлаб чиқарувчи ўз товарига нархни белгилашда товар хомашёси ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловлари (божхона божи, акциз, йиғимлар) ҳамда буюртмачига сотишда тўланадиган 20 фоиз қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш таклифини билдириб ўтишди. Бунинг натижасида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларни нарх бўйича таклифлари қиёсланади, бу ўз навбатида маҳаллий маҳсулотлар нархлари хорижникидан сезиларли даражада фарқ қилмаслиги ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тендерларда тенг ҳуқуқли иштироки таъминланади.

Шунингдек, давра суҳбати қатнашчилари бугунги мавжуд вазият маҳаллий ишлаб чиқарувчилар халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига ўтказиладиган халқаро тендер савдоларида ҳам преференцияларга эга бўлмаётганликларини алоҳида қайд этишди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон уларнинг тендер ва танлов савдоларида хорижий ишлаб чиқарувчилар билан тенг имкониятларга эга бўлиши учун қўллаб-қувватлашнинг тегишли тизимини шакллантиришни таклиф этишди.

Ушбу қонун лойиҳаси юзасидан билдирилаётган бу каби таклиф ва фикр-мулоҳазалардан кўзланган асосий мақсад республика миқёсида импортни сезиларли даражада камайтириш, тайёр маҳсулотни импорт қилиш эмас, уни мамлакат ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил қилишга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, маҳаллий корхоналар маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш орқали Республика ялпи ички маҳсулот ҳажмини кескин ошириш, минглаб янги иш ўринларини яратишдан иборатдир.