//ЕРНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ ВА БУЗИШ УЧУН КЕЛИШУВНИ НОТАРИУС ТАСДИҚЛАШИ ЛОЗИМ

ЕРНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ ВА БУЗИШ УЧУН КЕЛИШУВНИ НОТАРИУС ТАСДИҚЛАШИ ЛОЗИМ

Вазирлар Маҳкамаси ер участкасини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк мулкдорларига компенсация беришнинг янги тартибини тасдиқлади (16.11.2019 йилдаги 911-сон ВМҚ). У 2020 йил 1 январдан кучга киради.
Илгари биз ушбу ҳужжат лойиҳасини ёритган эдик, бироқ тасдиқланган версияси муҳокамага таклиф этилганидан бирмунча фарқ қилади. Шу боис тасдиқланган таҳририда тақдим этилган олиб қўйиш ва компенсация бериш механизмини кўриб чиқамиз.
Шундай экан, қуйидаги асос бўладиган қоидалар кўриб чиқилаётган бутун жараённинг негизини ташкил этади.
Биринчиси. Ерни олиб қўйиш фақат ер эгасининг розилиги ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Президент, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва ҳалқ депутатлари Кенгашлари қарорларига биноан амалга оширилади.
Жўқорғи Кенгес ва ҳалқ депутатлари Кенгашлари олиб қўйишнинг барча фойда ва харажатларини кўриб чиқишлари шарт. Ва фақат мулкдорларга зарарни қоплаш учун ресурслар етарли бўлганда ва фойда ижобий баҳоланган тақдирда олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Иккинчи. Ҳудудий ҳокимлар фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қиладилар.
Учинчидан. Ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида мажбурий тарзда нотариал тасдиқланадиган компенсация бериш тўғрисидаги келишув тузилади. Унда компенсациянинг миқдори ва тури, тўлов муддати ва бошқа шартлар белгиланади. Бундай келишувни имзолаган мулкдор ерни олиб қўйишга ва кўчмас мулкни бузишга розилик берган деб ҳисобланади.
Тўртинчидан. Бузиб ташлашга фақат мулкдорга келишувда ёки суд қарорида (низо мавжуд бўлган ҳолларда) кўрсатилган компенсация суммаси тўлиқ тақдим этилгандан сўнг рухсат этилади.
Бешинчи. Режалаштирилаётган олиб қўйишдан олдин масала ташаббускорлар, мулкдорлар ва ОАВ иштирокида очиқ муҳокама қилинади. Ўтказиладиган муҳокама тўғрисидаги эълон ҳокимликларнинг расмий сайтлари ва ОАВда жойлаштирилади.
Олтинчи. Бузиб ташланадиган кўчмас мулкни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан ташаббускор ҳисобига амалга оширилади.
Ким ва нима мақсадларда ерни олиб қўйиш ташаббуси билан чиқиши мумкин
Ер участкалари фақат қуйидагилар учун олиб қўйилиши мумкин:
• давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун – рўйхат илгаригидек қолади (амалдаги Низомнинг 31–бандига қаранг);
• фуқароларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш бўйича давлат дастурларида назарда утилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун. Бунда Кенгашлар фақат Президент ёки Ҳукумат ҳужжатлари асосида ерни олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
Тегишинча, ҳокимликлар ва инвесторлар ер участкаларини олиб қўйиш ташаббускорлари бўлади. Иккала ҳолатда ер участкаларини олиб қўйишнинг батафсил босқичма-босқич механизми ҳужжатга тасдиқланган иловаларда тақдим этилган. Барча тартиб-таомил масалаларини вилоят ва пойтахт ҳокимликларида ташкил этиладиган махсус шўъба мувофиқлаштиради. Туман (шаҳар) ҳокимликларида бу мақсадлар учун, зарурат бўлганда, бош мутахассис лавозими киритилиши мумкин.
Қоплаш тартиби
Мулкдорга қуйидагилар қопланади:
• бузиладиган кўчмас мулк объекининг бозор қиймати;
• олиб қўйиладиган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;
• кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар;
• жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси;
• қонун ҳужжатларида ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар;
• ўзбошимчалик билан қурилган: уй-жой, ишлаб чиқариш ва бошқа бинолар ва иншоотларнинг қиймати.
Бузиш учун компенсация бериш пул маблағлари, бошқа кўчмас мулк ёки ер участкаси тақдим этиш ёки келишувда назарда тутилган компенсациянинг бошқа турлари тарзида амалга оширилади. Томонларнинг келишувига биноан мулкдорга кўчмас мулкни баҳолаш қийматини ҳисобга олган ҳолда компенсациянинг бир неча турлари берилиши мумкин.
Мулкдорга бузиб ташланган объект ўрнига янги объект бошқа кўчмас мулк вақтинча фойдаланишга берилган кундан бошлаб 2 йил мобайнида тақдим этилиши керак. Бу муддатлар кечиктирилган тақдирда ташаббускор мулкдорга ҳар бир кечиктирилган кун учун бузиб ташланган кўчмас мулкнинг 0,01% миқдорида, лекин унинг қийматининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорда жарима тўлайди.
Агар ерни олиб қўйишга унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг 75% мулкдорлари розилик берса, ташаббускор қолган мулкдорларнинг объектларини мажбурий сотиб олиш тўғрисидаги масала юзасидан судга мурожаат қилиши мумкин.
Ташаббускорлар ва мулкдорлар ўртасидаги барча низолар суд тартибида ҳал қилинади. Бу ҳолда Кенгашлар суднинг қарори кучга киргунга қадар ернинг олиб қўйилиши ва кўчмас мулкнинг бузилиши тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.01.2020 йилдан кучга киради.

Ленара Хикматова, Norma Ахборот ҳуқуқий портали