//Куз саҳовати-2018

Куз саҳовати-2018

2018 йил 21-23 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзкўргазмасавдо” кўргазма мажмуасида “Куз саҳовати-2018” мева-сабзавот ярмаркаси ўтказилди

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда 2018 йил 21-23 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзкўргазмасавдо” кўргазма мажмуасида “Куз саҳовати-2018” мева-сабзавот ярмаркаси ўтказилди. Ташкил этилган мазкур ярмаркада Япония, Украина, Россия, Болгария, Туркия ва Қирғизистон каби 14 давлатдан мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва савдо компаниялари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди.

.

Кўргазма доирасида ташкил этилган давра суҳбатида Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори сўз олиб, “Бу каби кўргазмалар мамлакатимизда қишлоқ хўжалик соҳасини ривожлантириб, маҳаллий маҳсулотларимизга хорижда талабни янада оширади” деб таъкидлади, чунки         2018 йилнинг ноябрь ойига қадар юртимиздан хорижга 800 млн. долларга тенг 1 млн. 100 тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. Деҳқон ва фермер хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирларининг изчил амалга оширилиши, соҳанинг давлат томонидан тизимли қўллаб-қувватланиши йил сайин ўз самарасини бермоқда.

Ярмаркада ҳўл ва қуруқ мевалар, сабзавотлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқ, зираворлар, ичимликлар, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар фаолият юритди. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган 100га яқин фермер, деҳқон хўжаликлари, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилишга ихтисослашган компания вакиллари ўз экспозицияларида кўплаб турдаги мева-сабзавот маҳсулотлари ҳамда хизматларини намойиш қилди. Барча ҳудудларнинг мева-сабзавотчилик соҳасига оид тақдимотлари бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда аграр соҳа бўйича фаолият кўрсатаётган чет эллик инвестор ва шериклар учун солиқ ва божхона бўйича қатор имтиёзларнинг яратилиши тадбиркорларимиз билан уларнинг ҳамкорлигини кенгайтирмоқда.