//Мева-сабзавотчилик соҳасининг бугуни ва истиқболи

Мева-сабзавотчилик соҳасининг бугуни ва истиқболи

 

Жорий йилнинг 30 апрелида Тошкент шаҳрида  “Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ҳамда экспортини ташкил қилишнинг  долзарб вазифа  ва истиқболлари”  мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Ушбу конференция Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – O`zLiDeP  Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда республика Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари Кенгаши билан ҳамкорликда Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан ўтказилди.

Конференциядан кўзланган мақсад – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта   устувор  йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси  ижросини таъминлаш, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”  Давлат дастури, шунингдек Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ривожлантириш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларни изчил амалга оширишда мавжуд илмий ва амалий имкониятларни кенг жалб этиш орқали таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат эди.

Конференцияда  асосий урғу қуйидаги масалаларга қаратилди.

Мамлакатда аграр соҳани ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи, қайта ишловчи, логистика ва экспортини амалга ошириш  тартиботини енгиллаштириш, экспортерларга қўшимча шарт-шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.      Шахсий томорқа хўжаликларини  ривожлантириш устувор йўналиш этиб белгиланганлиги ва улар ихтиёридаги ер майдонларини  мустақилликка эришган дастлабки йилларда қариъб икки баробар кўпайиши орқали аҳолини озиқ-овқат, хусусан мева-сабзавот маҳсулотлари  билан узлуксиз таъминлаш масаласини ҳал этиш учун катта замин  яратилди.

Шу билан бирга, сабзавот, полиз ва дуккакли экинларни ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитлари, сув таъминоти, ташқи бозорнинг маҳсулот тури ва етказиб бериш муддатларига бўлган талаблари асосида жойлаштиришга эътибор қаратилмаяпти. Амалиётда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажмини янада кўпайтириш ва турларини кенгайтиришга тўсқинлик қилувчи омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Илмий асосланган инновацион технологияларни кенг жорий этиш, илмий-тадқиқот муассасаларида серҳосил, экспортбоп сабзавот ва полиз экинларининг янги навларини яратиш, илғор хорижий тажрибани амалиётга татбиқ этиш бўйича етарли ишлар олиб борилмаяпти.

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги субъектлари моддий ресурслар, жумладан, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва кимёвий воситалар билан ўз вақтида ва етарли даражада таъминланмаяпти.

Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, соҳада иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмларини янада ошириш, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли, мойли ва озуқа экинларини оқилона жойлаштириш, интенсив мевали боғ-токзорлар ташкил этишга илмий-инновацион ёндашув механизмларини жорий қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳамда маҳсулот етиштирувчиларнинг иқтисодий ва молиявий барқарорлигини таъминлаш соҳа ривожланишининг муҳим омиллари саналади.

Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бутун дунё олдида турган глобал вазифалардан бири ҳисобланади. Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ)  Қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат ташкилоти (ФАО)нинг маълумотларига кўра сайёрамизда 7,3 млрд. аҳолидан қариъб 100 га яқин мамлакатлардаги 1 млрд. ошиқ киши озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигидан азият чекади, яқин ўн йилликда эса иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва бошқа табиий офатлар туфайли  бу кўрсаткич дунё аҳолисининг 25 фоизига етиши мумкин.

Бу масалага шунингдек, республикамизнинг  2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида  белгиланган  долзарб вазифалар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш, зарур ҳажмда овқатланишнинг юқори сифати ва баланслашганлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг барча қатламлари ҳаёти учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларидан йил бўйи эркин фойдаланишларига эришиш талабларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш лозим.

Бу масалада Президентимиз мева-сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ва экспорт қилиш ишлари, афсуски, етарли даражада эмаслигини” алоҳида таъкидлаган эдилар.

Зеро, ушбу соҳада йилига 10-15 миллиард доллар маҳсулот экспорт қилиш имконияти мавжудлиги эътиборга олинса, маҳсулот тайёрлаш ва экспорт қилиш борасида олдимизда катта вазифалар тургани аён бўлади.

 

  1. Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш соҳасидаги долзарб масалалар

Мева-сабзавот маҳсулотлари таркибида 13 тадан ортиқ витаминлар, турли хил минераллар ва бошқа фойдали кимёвий элементлар мавжуд. Халқимиз саломатлиги учун аҳоли жон бошига тиббий тавсия этилган ўртача йиллик истеъмол меъёри  113 кг сабзавот, 45 кг картошка, 98 кг полиз ва 57 кг мева-узум маҳсулотларини ташкил этади.  Таҳлилий маълумотларга кўра 2018 йил якунига кўра  республикамизда жами 18,0 млн. тоннадан ортиқ  мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилган бўлиб, уларнинг аксарияти  сабзавотлар  ва қолганлари тегишлича мевалар, картошка, полиз маҳсулотлари  ва узум улушига тўғри келади.  Таҳлилларга кўра мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш бўйича экин майдонларининг асосий қисми фермерлик ва деҳқон (шахсий томорқа) хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади.

Ҳозирги вақтда мева-сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ва экспорт қилиш ишлари талаб даражасида эмас. Бу ўринда чет эллик харидорнинг талабига жавоб берадиган  мева-сабзавот маҳсулоти сифатини кафолатловчи тизим яратиш чора-тадбирларини бажариш, жумладан,

Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириладиган ер майдони мелиоратив ҳолати, балл-бонитетини ошириш чора-тадбирларини кўриш хусусан, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ер майдонларининг хусусиятларини (тупроқ таркибидаги микроэлемент, макроэлемент, органик таркиби, шўрланиши ва х.к.), ҳудудларнинг иқлим шарт-шароити, технологик карталари  чуқур ўрганилмаган ҳолда кўчатлар, уруғлар экилишига йўл қуймаслик лозим.

             Сабзавот уруғи, дарахт кўчати етиштириш ва унинг сифатини кафолатловчи тизим яратиш.

       Экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотларини экиш ва парваришлаш бўйича ҳудудларга  мос  ҳолда олимлар ва агрономлар томонидан технологик карталарнинг ишлаб чиқилиши, сифатли  уруғ билан таъминланишни йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ.  Бу ўринда шунингдек, экспортбоп кўчат навлари ва уруғлар етказиб берувчи хўжаликларни кўпайтириш, яъни селекция тизимини ривожлантириш ва уларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш даркор.  Бу борада мутасадди  вазирлик ва идоралар, илмий-текшириш институтлари томонидан «in-vitro» шароитида вируслардан ҳоли бўлган соғлом мевали дарахт ва ток кўчатлари етиштириш ҳажмларини оширган ҳолда фермер ва тадбиркорлар буюртмалари асосида барпо этиладиган интенсив мевали боғ ва токзорлар учун талаб этиладиган кўчатлар шартнома асосида етказиб берилишини таъминлаш чоралари кўрилиши лозим. Мева-сабзавот маҳсулоти ишлаб чиқарувчилари ва тайёрловчилари ўртасида мева-сабзавот экинлари бозорида харидоргир экинлар ва уларнинг навларини жойлаштириш масалаларида ўзаро ҳамкорликнинг бозор механизмларини шакллантириш лозим. Жумладан, Ўзагроэкспорт, Ўзтрейд ва шу сингари экспорт билан шуғулланувчи тузилмалар ушбу борадаги экспорт шартномалар бўйича ҳудудлардаги тадбиркор ва фермер хўжаликлари билан самарали алоқа ўрнатишлари, мева-сабзавот маҳсулот турлари бўйича буюртмалар  портфелини шакллантиришлари лозим.

Ўзбекистонда 2018 йилда юқорида қайд этилганидек, 18,0 млн. тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилган ҳолда четга экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажми бор-йўғи 889,6 млн. доллар миқдоридаги  1,3 млн. тонна (ёки етиштирилган маҳсулотга нисбатан бор-йўғи 14 фоиз)ни ташкил этган. Ушбу экспортга чиқарилган мева-сабзавот маҳсулотларининг аксарияти 5 та давлатлар  (Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Афғонистон) ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда, республикамизда йилига 10-15 млрд. доллар (ёки 10,3 млн.тонна) миқдорида маҳсулот экспорт қилиш имконияти мавжуд.

2019 йилнинг 1 январь ҳолатига республикамизда
мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қувватлари ўртача йилига 3 млн 150 минг тоннани ташкил этган. Шунингдек, жами 360 дан ортиқ қайта ишлаш корхоналари мавжуд бўлиб, шу жумладан 67 та ихтисослашган туманларда умумий қуввати 1 млн 980 минг тонналик қувватлар ташкил этилган.

Ўтган йил якунларига кўра мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси  етиштирилган ҳосилга нисбатан учдан бир қисмини ҳам  ташкил этмаган. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш даражаси етиштирилган маҳсулотга нисбатан жуда оз миқдорни ташкил этган. Жумладан 67 та мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда умумий қуввати  341,8 минг тонналик жами 663 та музлаткичли омборхоналар мавжуд.

Ўтган йилда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси тизимидаги корхоналар томонидан  бор-йуғи  47,2 млн. доллар  миқдорида қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган.

Бу эса мева-сабзавотчиликда қўшимча қиймат занжирини яратиш,  қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш ва янги  қувватларни ишга туширишга аграр соҳани ривожлантиришнинг таркибий қисми бўлган стратегик вазифа сифатида эътибор қаратиш  лозимлигини кўрсатади.

Ўзбекистон қариъиб 5 минг йиллик суғориш тарихига эга. Мавжуд сув ресурсларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасида суғориладиган ерлар ҳажми 4,3 млн. гектар ёки умумий майдоннинг 10 фоизга яқинини ташкил этади. Айни пайтда таҳлилий маълумотларга кўра Ўзбекистонда ўзлаштиришга яроқли бўлган ер майдони қариъб 12,0 млн. гектарни ташкил этади.  Ер ва сув ресурлари аграр соҳадаги асосий ишлаб чиқариш воситаларидир. Республикамизда сув ресурсларининг 90 фоизга яқини аграр соҳа эҳтиёжлари учун ишлатилади. Республикамиз ер ресурсларининг бугунги ҳолатини кўрадиган бўлсак унда тупроқнинг шўрланиши, саҳроланиши ва шамол эрозиясига учраши, гумус ва озуқа элементлари камайиб кетиши ва б. муаммолар  мавжудлигини кўрамиз.

Тупроқ унумдорлиги алоҳида қаровга муҳтож.  Айни пайтда, сифати ўртачадан паст  ерлар  улуши – қариъб 25 фоизни ташкил этади.  

Маълумки, экинлар ҳосилдорлиги ерларнинг мелиоратив ҳолатига боғлиқдир. Тупроқ  унумдорлигига таъсир этувчи асосий омиллардан бири бу шўрланишдир.

Ердан фойдаланувчиларнинг тупроқ таркибидаги озуқа элементлари миқдорини ҳисобга олмасдан юқори меъёрда минерал ўғитлар, пестицидлар ва ҳар хил кимёвий препаратларни қўллаши, алмашлаб экишни талаб даражасида жорий этилмаганлиги ва шу каби сув ресурсларини бошқаришнинг қониқарсизлигидан даллат берувчи  бошқа ҳолатлар ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини пасайишига замин яратмоқда.  Бу масалада ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув тежовчи ва тупроқни муҳофаза қилувчи технологияларни жорий этиш ва қўллаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ушбу ишларни сидқидилдан амалга ошираётган фермер хўжаликларини рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш лозим..

Бу эса мева-сабзавот маҳсулотлари экиш учун мўлжалланган ер майдонларини сифатини яхшилашга давлат томонидан доимий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади.

Таҳлилилий маълумотларга кўра, қишлоқ хўжалиги тармоғининг жадал ривожланиши, айни пайтда, сув ресурслари истеъмолининг ортиб боришига олиб келмоқда, бу эса воқеъликда содир бўлаётган ва келажакда вужудга келиши мумкин бўлган глобал чақирув ва хатарларга нисбатан ўз вақтида чоралар кўрилмаган тақдирда, нафақат мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиши балки кенг маънода мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аграр соҳада узоқ вақт давомида ҳал этилмасдан келаётган тизимли муаммоларнинг мавжудлиги мазкур ҳолатни янада кучайтирмоқда. Ушбу масалалар ечимини топиш учун шу жумладан,  сув истеъмоли соҳасида назоратни кучайтириш, сув узатиш тармоқларини модернизация қилиш ва техник жиҳозлаш ишларига етарлича эътибор қаратиш, инновацион технологиялар ва ишланмаларни жорий қилишни тезлаштириш борасида чора-тадбирлар кўриш лозим.

Бу ўринда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ муддатли дастурларни шакллантириш орқали шу жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мева-сабзавотчилик маҳсулотлари етиштиришнинг аниқ йўналишлари белгилаш ва такомиллаштириб  бориш лозим.

Айни пайтда,  ерларнинг мелиоратив ҳолати реал  аҳволи,  экология масаласи давлатимиз ва халқимиз учун ҳаёт-мамот масаласи бўлганлигини инобатга олиб ушбу мониторинг сифати ва салмоғини ошириш , шаффофликни таъминлаш ва унинг натижаларини халқ хўжалигида кенг қўллаш  мақсадида  ушбу  жараёнда фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини ҳам таъминлаш лозим.

Бу ўринда, соҳа мутахассислари ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шўрланишни олдини олиш, экинлар ҳосилдорлигини пасайиб кетишига йўл қуймаслик, нархларнинг асоссиз тушиб кетмаслиги учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни тавсия қилишмоқда:

Жумладан, ҳозирги вақтда, мева-сабзавот экинларини республика ҳудудлари бўйлаб жойлаштиришга илмий ёндашилмаяпти. Ўзбекистон бўйлаб қайси ҳудудда қайси маҳсулотларни экиш нисбатан фойдалироқ эканлиги ҳақида илмий асосланган тавсиялар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига тавсия этилмаяпти. Натижада бир йил у, бир йил бу маҳсулотнинг нархи тушиб кетиб, ишлаб чиқарувчиларнинг ҳафсаласи пир бўлаяпти. Масалан, ўтган йилнинг ўзида кўплаб деҳқонлар етиштирган маҳсулотлари, айниқса, аччиқ қалампир, саримсоқ пиёз ва х.к.  бўйича муаммолар ҳалигача ўз ечимини топмади. Хусусан, Фарғона вилоятида кўплаб деҳқонлар саримсоқ пиёз етиштириб қўйган, лекин сота олмаяпти.

Шу ўринда, қишлоқ  хўжалиги экинлари, жумладан ғалладан бўшаган майдонга, боғ ва токзор орасига сабзавот, полиз ва дуккакли экин турларини оқилона жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг (ички  истеъмол, экспорт ва қайта ишлаш ҳажми) прогноз кўрсаткичлари белгиланишида чуқур илмий-амалий ёндашув йўқлиги, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шарт-шароитлари, сув таъминоти, экспорт учун экилаётган маҳсулот ҳажмини белгилашда ташқи бозорнинг маҳсулот тури ва етказиб бериш муддатларига бўлган талаблари, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқасида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажми ва тури инобатга олинмаганлиги, истеъмол бозорида нархлар ўсиши ва пасайиши динамикасини аниқлашнинг ягона методологияси ишлаб чиқилмаганлиги ва ҳ.к. омиллар сабабли  етиштирилган айрим маҳсулот турларига нархларнинг кескин тушиб кетаётганлиги  оқибатида тадбиркор ва фермерларнинг асоссиз равишда молиявий зарар кўриш ҳолатлари рўй бераяпти. Бундан ташқари мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган трактор ва бошқа ускуналар, ёқилғи-мойлаш материаллари (масалан, 1 л солярка нархи 6 минг сўмдан баланд), минерал ўғитлар нархи муттасил ўсиб бораётганлиги ҳам мева-сабзавот маҳсулотлари таннархига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги субъектлари моддий ресурслар, жумладан, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва кимёвий воситалар билан ўз вақтида ва етарли даражада таъминланмаётганлгини ҳам таъкидлаш жоиз.

Боғдорчиликда вужудга келаётган муаммолар

Ҳозирги вақтда боғдорчиликдаги асосий муаммолардан бири бу хориждлан келтирилган навларнинг иқлимлаштирилиши, хусусан ўсимлик (кўчат)нинг янги муҳитга иқлимий мослашуви ёки атроф-муҳитга кўникишидир. Айни пайтда, тоғ олди, тоғлик ва лалмикор ҳудудларда интерекляр (мослаштириш) усулида етиштирилган (яъни, пайвандтагга пакана пайвандтаг новдасини улаб, унга керакли мева навлари куртагини пайванд қилиш) кўчатлар асосида интенсив боғларни барпо этиш анча самарадорлиги кузатилмоқда.        Ҳозирги вақтда республикамизда замонавий интенсив боғлар катта майдонларда ташкил этилмоқда. Лекин, соҳа мутахассислари фикрига кўра  ушбу борада бир қатор ечимини кутаётган масалалар ҳам юзага келмоқда-ки  уларни ҳал эмасдан интенсив боғдорчилик ривожланишини таъминлаш қийин.

          Биринчидан,  интенсив боғ ва узумзорлар оддий боғлардан кескин фарқ қилиб, жуда катта маблағ, билим, тажриба талаб этади. Уни оддий деҳқон, миришкор бошқара олмайди. Демак, шу соҳа мутахассиси, олий маълумотли агроном бошқариши ҳамда зарур бўлган мутахасслар отряди  билан иш ташкил этилиши (агроном, механизатор, ҳимоячи, агрохимик) зарур.

          Иккинчидан,  интенсив боғлар кўплаб ҳолларда нотўғри катта йўл трассалари ёнига ҳамда ер ости сувлари сайёз жойлашган ҳудудларга жойлаштирилган. Бунда интенсив боғлар ва кўчат навларининг биологик хусусиятлари инобатга олинмаган.

         Учинчидан, ташкил этилаётган интенсив боғларга  асосан шу ҳудудга мослашмаган, ўрганилмаган тур ва навлар экилган.

         Тўртинчидан, интенсив мева-сабзавотчиликнинг бир қанча хорижий технологиялари республикада ташкил этилган. Лекин, ушбу боғ эгалари интенсив етиштириш технологияси билан умуман таниш эмаслиги, ҳамда бу борада тажриба йўқлиги панд бермоқда.

Хориждан келтирилган кўплаб мева кўчатлари маҳаллий иқлимга мослаша олмай вирусли ва бошқа жиддий касалликларга учраб, қуриб қолмоқда. Ушбу масала ечимини топишда ноёб ва кам тарқалган мевали экинлар кўчатини интенсив етиштириш учун замонавий In-Vitro лабораторияларини ривожлантириш талаб этилади. Шунингдек, «in-vitro» шароитида вируслардан ҳоли бўлган соғлом мевали дарахт ва ток кўчатлари етиштириш ҳажмларини оширган ҳолда жорий йилда барпо этиладиган интенсив мевали боғ ва токзорлар учун талаб этиладиган кўчатлар шартнома асосида етказиб берилишини ташкиллаштириш лозим.

Шунингдек,  бозори  харидоргир  бўлган сабзавот, полиз ва айрим  ноанъанавий экин турларини етиштириш ҳамда уларнинг ассортиментини кенгайтириш талаб этилади.

Шу билан бирга мева-сабзавот маҳсулоти етиштирувчиларининг бозорларда харидоргир бўлган юқори ҳосилдорликка эга ва сифатли навларнинг уруғи, кўчати  билан қониқарли равишда таъминланмаганлиги муаммоси мавжудлигини ҳам таъкидлаш лозим.

Мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб берувчилар ҳамда қайта ишловчилар ўртасида қатъий тизими мавжуд эмас. Шу ўринда, мева-сабзавотларни етиштирувчилар ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида узоқ йиллик доимий ҳамкорлик шартномаларини тузилиши борасида ишларни ташкиллаштириш зарур. Натижада, аниқ етиштириладиган маҳсулотлар  асосида кафолатланган чуқур қайта ишлаш қаътий тизими йўлга қўйилади маҳсулот исроф бўлишига йўл қўйилмайди.

Оптималлаштириш жараёнида эски, иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги паст бўлган боғ ва токзорлар билан бир қаторда кўчатлар интенсив усулда экилмаган боғ ва токзорлар ҳам  бузилиб экин ер майдонлари таркибига қўшилиши белгиланган. Тўғри интенсив усулда экилган боғларда ҳосилдорлик оддий боғга нисбатан юқори.

Шу ўринда савол туғилади? Республикамиз аҳолиси дастурхонини безатиб турган, озиқ-овқат таъминоти масаласини ҳал этишга уз улушини қўшиб келаётган жами боғ ва токзорларнинг неча фоизи интенсив усулда экилган? Статистик маълумотларга кўра республикамизда жами 269,6 минг гектар боғ майдонлари мавжуд бўлиб шундан  фермер хўжаликлари улушига – 188,4 минг гектар ва  81,2 минг гектари  – деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаси ҳиссасига тўғри келади.    Шунингдек, жами боғ майдонларининг  44,3 минг гектари (ёки мавжуд боғларнинг 16 фоизи) – интенсив боғларни ташкил этади.

Республикамизда жами 128,2 минг гектар токзор мавжуд бўлиб, шундан 82,5 минг гектари – фермер хўжаликлари, 45,7 минг гектари эса – деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига тегишли.

Аксарият боғ ва токзорлар неча ўн йиллар мобайнида миришкор деҳқонларимизнинг сермашаққат меҳнати билан яратилганлигини унутмаган ҳолда интенсив бог ва токзорларни янги  экин майдонларида кўпайтириб, аксарияти четдан олиб келинган ушбу кўчатларни Ўзбекистон ер-иқлим шароитига мослаштириб, пайвандтаг усулида чатиштириб ва улар асосида кўчатларни тайёрлаб ҳамда кўчатхоналарни кенгайтириб ундан кейин оммавийлаштириш маъқул эмасми?  Шу билан бирга интенсив боғ ва токзорлар  кўчат ва технологияларини жорий этиш  фермер ва деҳқон учун анча қиммат эканлигини ҳамда аксарият фермер хўжаликларининг молиявий шарт-шароити уларга тезкорлик билан интенсив боғ ва токзорлар барпо этишга қийинчилик туғдиришини ҳам ҳисобга олишимиз лозим.  Замонавий интенсив боғларда томчилатиб суғориш тизими қўлланиляпти. Шу билан бирга жорий йил бошидаги ҳолатга кўра катта саъи-ҳаракат қилинаётганлигига қарамасдан томчилатиб суғориш тизими бор-йўғи 43,1 минг гектар ёки жами суғориладиган майдоннинг атиги 1 фоизида жорий қилинганлиги  ҳам интенсив боғларни оммалаштириш билан бирга унга ҳамроҳлик қилувчи иқтисодий шарт-шароитлар, тегишли инфратузилма яратилиши лозимлигидан далолат беради.

Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, логистика ва экспортини такомиллаштириш масаласини  қишлоқ хўжалиги сохасидаги қонунчиликдан айри  ҳолда  тасаввур қилиб  бўлмайди.  Зеро хуқуқий асослар ушбу соҳани ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлади. Айни пайтда, аграр соҳа, хусусан,  мева-сабзавот маҳсулотлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш  жуда долзарб масаладир. Бу борада  қабул қилинаётган қонунларнинг сифатини тубдан яхшилаш, киритилаётган ўзгартириш ва қўшимларни тизимли шаклга келтириш   ҳамда уларнинг ҳаётга тадбиқ этилишини таъминлайдиган процессуал нормаларни  аниқ белгиланиши ҳам ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.  Авваломбор, мева-сабзавотчилик маҳсулотлари етиштириш билан банд бўлган фермер хўжаликларининг ердан узоқ муддатга фойдаланишга  бўлган эгалик хуқуқини қонуний мустаҳкамловчи кафолатлар тизимини шакллантириш лозим. Ушбу ҳолат мазкур фермер хўжаликларини замонавий экспортбоп кўчат навларини экиш, илғор агроинновация тадбирларини жорий этишга  туртки беради ва рағбатлантиради.

Ҳозирги вақтда фақат пахта ва ғалла етиштирувчи фермерлар ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналарига давлат буюртмаси мавжуд. Ғалла ва пахта етиштирувчи фермерларга олдиндан бўнак тўловлари, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари  ажратилади, машина-трактор парклари хизматлари кўрсатилади. Бу эса уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлашда ниҳоятда катта аҳамиятга эга.  Айни пайтда, республикамиз озиқ-овқат хавфсизлиги, халқимиз дастурхони тукин-сочинлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилари бундай устиворликка эга эмас. Шу ўринда,  давлат бюджети таъминотидаги  вазирлик ва идораларнинг (мудофаа вазирлиги, халқ таълими вазирлиги ва х.к.) озиқ-овқат  маҳсулотлари билан  узлуксиз таъминлаш  мақсадида мева-сабзавот маҳсулотлари айрим турларига (масалан, олма қоқи, туршак, узум, картошка, сабзи, пиёз, гуруч, помидор, бодринг, мош, ловия ва х.к.) маҳсулотлар етказиб берувчилар рентабеллигини таъминловчи  келишилган нархларда давлат буюртмасини жорий этилиши ушбу маҳсулот етиштирувчиларнинг молиявий салоҳиятини оширишга ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга  ва озиқ-овқат бозорида мўътадилликка эришишга қисман бўлса-да хизмат қилган бўлар эди.

Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларга хизмат кўрсатувчи  замонавий инфратузилмани ривожланмаганлиги ва уларнинг нархи қимматлиги. Мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш соҳасидаги тадбиркор ва фермер хўжаликлари олдида ресурс ва маблағ  тақчиллиги масаласи мавжуд. Ушбу йўналишдаги фермер хўжаликлари етиштирилган маҳсулотни йиғиштириб олиш, сақлаш ҳамда сотишдаги муаммолар туфайли ушбу маҳсулотларнинг исрофгарчилигига йўл қуйилишига  ва оқибатда зарар кўришига  ҳам олиб келмоқда. Сабзавот турларининг кўпчилигини  экиш ҳамда ҳосилни йиғиб олишда махсус техника воситаларининг йўқлиги (ёки камлиги) туфайли аксарият ҳолда  қўл меҳнати қўлланилади, бу эса маҳсулот таннархига салбий таъсир кўрсатади. Таҳлилий маълумотларга кўра, мева-сабзавотчилик йўналишидаги фермер хўжаликларида мавжуд  ММТПлар хизмати баҳоси ғалла-пахтачилик  йўналишидаги хизматлар баҳосидан 20-30 фоиз  юқорилиги билан ажралиб туради. Республикамизда мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш соҳасида интенсив боғлар, янги технологиялар асосидаги иссиқхоналар ва бошқа агроинновация янгиликлари жорий этилмоқда. Иккинчи томондан эса уларни моддий-ресурс таъминоти, техника хизматларини кўрсатиш ҳолати талабга жавоб бермайди.

Айни пайтда, республикамизда боғ-токзорларга техникавий хизмат кўрсатувчи трактор ва бошқа механизмлар, минитехнологиялар ишлаб чиқарилиши йўлга қуйилмаганлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Импорт ҳисобига четдан келтирилаётган ушбу техника ва технологиялар нархи эса жуда қиммат.  Шу билан бирга интенсив боғ ва токзорларда механизация ишларини жадаллаштиришда техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида юқори унумли ғилдиракли, боғ ва токзор қатор орасига ишлов берувчи занжирли, мини трактор, ички суғориш тизимларни тозалаш учун экскаватор, тиркама, боғ ва токзор ораларига ишлов берувчи агрегатлар билан таъминлашга ҳам эҳтиёж сезилмоқда.  Шу туфайли, истиқболда мева-сабзавот маҳсулотлари, хусусан боғ-токзорлар майдони янада кенгайишини ҳисобга олган ҳолда республикамизда ушбуга оид трактор ва бошқа боғ орасига ишлов берувчи турли хил минитехнологиялар ишлаб чиқарилишини давлат инвестиция дастурига киритиш мақсадга мувофиқ. Бу эса маҳаллий қишлоқ хўжалик саноати ривожланиши, валюта ресурслари тежалишига ҳам хизмат қилади.   Зеро республикамизда қишлоқ хўжалик техникасини ишлаб чиқариш борасида аввалдан катта салоҳият мавжуд бўлган.

Мева-сабзавот маҳсулотларини янада кўпайтириш ва етиштириш ҳажмларни оширишда    субтпропик иқлим шарт-шароитига яқин бўлган жанубий вилоятларимизда цитрус (апельсин, лимон ҳ.к.) ўсимликларини кенг кўламда етиштирилишини рағбатлантириш, боғдорчиликда селекция ишларини янада такомиллаштириш, фермер хўжаликларига  қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, тезпишар ва экспортбоп навларини танлашда, сифатли уруғликлар билан таъминланишда мунтазам равишда ёрдам кўрсатиш масаласини ечимини топиш лозим.

         Шунингдек, республикамиз тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудга мос бўлган мева-узумнинг совуққа, қурғоқчиликка, иссиққа, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, узоқ сақланадиган, транспортабелли, юқори ҳосилли ҳамда юқори сифатли навларини яратиш, маҳаллий ва чет эл навларини ўрганиб, улар ичидан истиқболлиларини ажратиб олиш борасидаги илмий-тадқиқот ишларини тизимли асосда ташкиллаштириш ҳам мева-сабзавотчилик соҳасига ривожланишига хизмат қилади.

 

  1. Етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва чуқур қайта ишлаш тармоғини ривожлантириш масалалари.

2018 йил якунларига кўра мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси  етиштирилган ҳосил (18,0 млн.тонна)га нисбатан бор-йўғи 19,4 фоиз (ёки 3,5 млн. тонна)ни ташкил этган. Ўтган йилда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш даражаси етиштирилган маҳсулотга нисбатан атиги 3,2 фоизни ташкил этган. Жумладан 67 та мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда умумий қуввати 341,8 минг тонналик жами 663 та музлаткичли омборхоналар мавжуд.

Ўтган йилда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси тизимидаги корхоналар томонидан  бор-йуғи  47,2 млн. доллар  миқдорида қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Республикамиз озиқ-овқат саноати таркибидаги қариъб 10 мингта корхоналар ишлаб чиқариш қувватининг атиги 18 фоизи мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш борасида фаолият юритмоқда.  Бунинг сабаблари сифатида қайта ишловчи корхоналарни  мева-сабзавот маҳсулотлари  билан узлуксиз таъминлаш масаласи тўлиқ ечилмаганлигини, аксарият корхоналар ишлаб чиқариш қувватлари модернизация қилиниши лозимлиги, уларнинг энергия ва газ таъминотида узилишлар бўлаётганлиги, етказиб берилаётган  маҳсулот нархи масаласида ўзаро келишувга эга бўлинмаётганлиги туфайли шартномавий мажбуриятлар тўлиқ бажарилмаётганлигини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Бу эса мева-сабзавотчиликда қўшимча қиймат занжирини яратиш,  қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш ва янги  қувватларни ишга туширишга аграр соҳани ривожлантиришнинг таркибий қисми бўлган стратегик вазифа сифатида эътибор қаратиш  лозимлигини кўрсатади.

Қайта ишланган мева-сабзавотларни маҳсулот турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак  асосий улуш қуритилган мевалар, мева шарбатлари ва консерваланган мева-сабзавотлар ҳиссасига тўғри келишини кузатамиз. Айни пайтда, таҳлилий маълумотларга кўра республикамизда  мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш (сақлаш) ҳажмини 14,5 млн. тоннага етказиш салоҳияти мавжуд.

Таҳлилий маълумотларга кўра бугунги кунда мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришда қуйидаги асосий масалалар ечимини топиш зарур бўлади:

Мутахассисларнинг фикрига кўра мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш, қадоқлаш  технологиялари,  аксарият ҳолларда ҳозирги замон талабларига жавоб бермайди.  Ҳозирги вақтда мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш жараёнини тезлаштириш, мазкур соҳада ишлаб чиқариш корхоналарининг молиявий-иқтисодий барқарор фаолиятини таъминлаш, харажатларни оптималлаштириш ва маҳсулотлар таннархини камайтириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш лозим. Бу ўринда мавжуд совуткичлар, қайта ишлаш корхоналари қувватларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш,  озиқ-овқат санотида маҳсулотлар ишлаб чиқаришда халқаро сифат сертификатларини жорий қилиш бўйича  ишларни амалга ошириш лозим бўлади. Хом ашё бўлган мева-сабзавот маҳсулотларининг етишмаслиги ҳамда кўплаб қайта ишлаш ва сақлаш корхоналарининг хом ашё мавжуд бўлмаган ёки хом ашёдан узоқ ҳудудларда жойлашганлиги ҳам мазкур корхоналарнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш борасида хорижда савдо-инвестиция уйларини очиш, кўргазмалардан қатнашиш, йирик компанияларнинг илғор технологик ускуналарини жалб қилиш, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи халқаро транснационал  компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қуйиш  мақсадга мувофиқ бўлар эди.

        Хом-ашё базасини ривожлантириш,  илмий-тадқиқот институтларида юқори ҳосилдорликка эга уруғ етказиб беришдаги ишларини ташкил қилишда комплекс ёндашиш. Шу жумладан, 1) ўсимликшунослик  йўналишида – юқори ҳосилли экинлар парвариши учун кўчатхоналарини ташкил қилиш; 2) сабзавотчилик  соҳасида – юқори самарадорли, касалликлар ва иссиқликка чидамли, сифатли истеъмол навлари ва гибридларни яратиш; 3) мевачилик-узумчилик йўналишида – данакли, мағизли экинлар ва узумнинг янги навларини яратиш.

   Мева-сабзавот маҳсулотлари логистикаси ва таъминот занжирини бошқариш соҳасидаги масалалар.

Бугунги кунда мева-сабзавот маҳсулотлари логистика ва таъминот занжирини бошқаришда фан ва техника ютўқларини жорий этиш мақсад мувофиқ бўлмоқда.  Мева-сабзавот маҳсулотлари таъминот занжирини бошқариш  – аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эхтиёжни қондириш мақсадида, уларни етиштириш, тақсимлаш, етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасидаги моддий оқимларни бошқаришга илмий ёндашишни талаб этади.

Бунда фан ва таълим интеграциясини таъминлаган ҳолда, мева ва сабзавот маҳсулотлари логистикаси ва таъминот занжирини бошқариш соҳасидаги муаммоли масалаларни илмий – тадқиқот муассасалари ишланмалари билан биргаликда олиб боришни йўлга қўйиш лозимлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Аксарият савдо ҳамкорларимиз бўлган давлатлар йирик савдо мажмуалари томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб берувчиларига нисбатан қуйилаётган асосий талаб  сифатли маҳсулотни йил давомида узилишларсиз етказиб берилишини таъминлашдир.

 Шу туфайли, биринчи навбатда аэропортлар ва темир йўл станциялари ҳамда автомагистралларга яқин жойларда йирик ҳажмдаги  совутгичлар билан жиҳозланган савдо-логистик мажмуаларини ташкил этиш лозим бўлади. Токи чет эллик ҳамкорга бир меъёрда келишилган нархда сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб берилиши кафолатланган бўлсин.  Бунда халқаро стандартлар даражасида логистика тизимларини (қайта ишлаш, саралаш, калибрлаш ва қадоқлаш линиялари, совуткичли сиғимлар, махсус транспорт) ривожлантириш учун инвесторларни жалб этиш масаласида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 Мева-сабзавот маҳсулотини экспортга етказишда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, йўл-транспорт  харажатини қисқартириш.

Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга эмас,  шунинг учун мева-сабзавотларни хорижий истеъмолчига тезкорлик билан ва сифатли етказиб бериш долзарб  масала бўлиб қолмокда.

Шуни қайд этиш зарурки, ҳозирги вақтда республиканинг мавжуд салмоқли транспорт  салоҳияти  тўлиқ  даражада ишга туширилмаган.  Буни ҳал этиш транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш, хусусан темир йўл,  автомобил, ҳаво-юк транспорти тармоғини ривожлантиришга бориб тақалади. Бугун ушбу тизимлардан фойдаланиш экспортчиларимизга жуда қимматга тушмоқда.  “Uzbekistan Airways” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари товарларимизни экспорт қилиш бўйича замонавий логистика йўналишларини яратишлари зарур. Мева-сабзавот терминалларини жиҳозлаш учун четдан техника ва технологиялар олиб келаётган тадбиркорларга божхона имтиёзлари янада кенгроқ қўлланиши ва молиявий кўмак берилиши айни муддао. Айни пайтда, экспорт-импорт операцияларини ривожланиши ва шу билан боғлиқ ҳолда ташқи савдо фаолиятини ўсиши иқтисодиётимиз ривожланишида транспорт юк ташувлари аҳамиятини оширади. Аксарият юк ташувлари МДҲ давлатлари ҳудудларидан ўтади. Шу ўринда Марказий Осиё, Россия, Хитой давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан экспортга оид транзит юк ташувларини имтиёзли ўтишлари юзасидан давлатлараро келишувларга эришиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шунингдек, транспорт – логистика тизимини, жумладан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида муҳим аҳамиятга эга бўлган автомобил халқаро юк-ташув транспортини унинг моддий-техник базасини янада ривожлантириш борасида узоқ истиқболли давлат дастурларини, жумладан  “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон транспортини ривожлантириш давлат дастурини”   қабул қилиш ва уларни изчил амалга ошириш лозим. Тан олиш лозим, ҳозирги вақтда Ўзбекистон автомобил халқаро юк ташув транспортининг жаҳон бозорида рақобатбардошлиги суст.

III. Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти буйича асосий масалалар

Сўнгги  йилларда мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ҳамда экспорт ҳажмларини ошириш борасида қонунчиликни такомиллаштириш, экспортер корхоналарга имтиёз ва енгилликлар тақдим этиш борасида  20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини қўллаб қувватлаш, экспорт қилиш жараёнларида вужудга келаётган тизимли муаммоларнии бартараф қилишга оид қабул қилинган ушбу қарорлари ижросини тўлиқ таъминлаш юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан мониторинг юритилиши ва чора-тадбирлар кўрилиши лозим.

Экспорт учун  мева-сабзавот экинларини жойлаштиришда  ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги, сув билан таъминланганлигини инобатга олган ҳолда қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари контурлар бўйича ўз вақтида тўлиқ экилишини, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини ташкил этиш яхлит ва шаффоф механизми жорий этиш лозим. Жумладан, мева-сабзавот маҳсулотларини жойлаштириш, қайта ишлаш ва экспорт  прогноз кўрсаткичларини режалаштиришда мутасадди идоралар ушбу ҳолатни  ҳисобга олишлари лозим.

Бугунги кунда экспортга йўналтирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий қисми фермер, деҳқон хўжаликлари ва кичик ишлаб чиқарувчилар томонидан томорқа хўжаликларда етиштирилмоқда. Ҳозирги вақтда мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти буйича асосий масалалардан бири – бу маҳсулотимиз рақобардошлигининг  сустлигидир.

Айни пайтда, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспортидаги рақобатда инновация орқали устиворликка эришиш мумкин. Инновациялар маҳсулот, техника ва технологияларнинг янгича кўриниши, ишлаб чиқаришнинг янги жараёни, маркетингга нисбатан янгича ёндашув ва ходимлар малакасини оширишнинг янги услубида намоён бўлади.

Хусусан, мутахассисларнинг фикрига кўра ҳозирги вақтда меҳнат ресурсларининг  арзон  ёки  қимматлигига эмас,  балки  биринчи навбатда ишлаб чиқаришнинг юқори малакага асосланганлиги, инновацияли салоҳиятнинг мавжудлиги афзалликка эга бўлмоқда.

Шу ўринда, кадрлар тайёрлаш тизимининг талаб даражасида эмаслиги , мева-сабзавот маҳсулотлари соҳасидаги замонавий корхоналарга  мутахассис дипломи билан  ишга келаётган  олий ва ўрта махсус даргоҳлари битирувчилари  малакаси аксарият ҳолларда   ҳукуматимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган узоқ муддатли дастурлар талабларига, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларининг реал эҳтиёжларига жавоб бермаяпти. Фан дастурлари, ишчи ўқув режалари реал иқтисодиёт талабларини ҳисобга олган дастурий чора-тадбирлар талабларидан келиб чиққан ҳолда тузилиши лозим. Жумладан, шу ўринда замонавий билимларга эга ўрта ва олий бўғиннинг юқори малакали мутахассисларини тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қуйиш лозим.

Бу масала ечимини топиш учун фан дастурлари, ишчи ўқув режалари ишлаб чиқариш корхоналари талабларини инобатга олган ҳолда тузилиши лозим. Битирувчиларни нимани билиши ва қила олишини баҳолайдиган тизим яратилиши лозим.

Мева-сабзавот маҳсулотини етиштирувчи деҳқон, фермер малакасини мунтазам равишда  ошириб бориш. мева-сабзавот маҳсулотини импорт қилувчи давлатларнинг агроном олимлари, маркетологлари, фермерларини юртимизга ёки бизникиларни хорижга  юбориб, ўқув машғулотлари, тренинглар ташкил қилиш лозим. Бунда  мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришда ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларини янада кенг қўллаш, “ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаларини амалга ошириш, бу борада фермерлар кўникма ва билимлари даражасини ошириш бўйича тизимли иш ташкиллаштириши талаб этилади.

Республикамизда қишлоқ хўжалиги, хусусан мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, логистика ва экспорти соҳасидаги мутахассисларни ўқитиш, малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш муҳим вазифалардан қаторига киради.

Суғориладиган экин майдонлари чекланганлиги шароитида мулкчиликнинг ижара шакллари ва шартномавий муносабатларга асосланган хўжалик юритиш тизимини ривожлантириш.

Ҳозирги вақтда фермер хўжаликларига ерни иккиламчи ижарага бериш қонунан таъқиқланган.  Айни пайтда, аҳолининг ерга бўлган талаби жуда юқори бўлиб уларнинг кўпчилиги  фермерлар билан келишиб (ғалла ҳосили етиштириб давлат буюртмаси бажарилгандан сўнг такрорий экинга)   сабзавот, полиз, дуккакли экинлар  ва х.к. экиб олишади. Бу эса ер майдонига қўшимча минерал ҳамда органик ўғитлар солиниб ернинг унумдорлигини ошириш, ердан фойдаланиш самарадорлигини янада юқори бўлишга ва фермер хўжалигига ҳам қўшимча даромад  олишга шароит яратади ҳамда фермер фаолиятида шаффофликни таъминлайди.

Ушбу масалаларни ҳал этиш учун  эса  ерларни иккиламчи ижарага бериш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда унинг хуқуқий базасини яратиш лозим бўлади.

Стандартлаштириш ва сертификатлаштириш, карантин соҳасидаги давлат идоралари томонидан бошқа хорижий давлатларга
мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун ушбу давлатларнинг карантин хизматлари билан кенг қамровли музокаралар олиб бориш
.

Ушбу эса тадбиркор ва фермерларимиз томонидан етиштирилган маҳсулотларни янада кўпроқ экспорт қилишга замин яратади. Масалан, Хитой давлати мутасадди идоралари билан ўтказилган музокаралар натижасида мош экспорт қилиш хуқуқига корхоналар сони аввал 6 тани ташкил этган бўлса эндиликда республикамизнинг 33 та корхонасига рухсат олган. Шунингдек,  жорий йилнинг I-чораги давомида жами 7 хорижий давлатларга 28 турдаги мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун ушбу давлатларнинг карантин хизматлари билан музокаралар олиб бориш натижасида фитосанитар хавфсизликни таъминлаш учун бир қатор келишувларга эришилди.

Айни пайтда, республикамизга четдан мева-сабзавот маҳсулотлари, кўчатлари ва уруғларини олиб келишда ушбу импорт қилинаётган  маҳсулот билан бирга кириб келаётган биологик хавф-хатарни ҳам унутмаслигимиз лозим. Масалан, импорт килинган ва чегараларимизга етиб келган маҳсулотлардан 8 мингтага яқин намуналар олиниб, 19 та ҳолатда 4 хил турдаги ўсимликлар карантинидаги хавфли зарарли организмлар аниқланди.   Натижада республикамизга олиб кирилаётган 32 000 тонна ва 3,6 млн донадан зиёд зарарланган карантин остидаги маҳсулотларни ҳудудларимизга кириб, иқтисодиётимизга катта зиён етказилишининг олди олинди. Бу  каби ҳолатлар Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан чегараолди ҳудудларда ва қўшни давлатларда юзага келган ўсимликлар карантини ҳолати тўғрисида мева-сабзавот маҳсулотларини  етиштирувчиларни он-лайн тарзда хабардор қилиб бориши ҳамда ўсимликлар карантини объектлари тарқалган хорижий мамлакатлардан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, мевали дарахт ва ток кўчатлари республика ҳудудига кириб келишининг олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилиши лозимлигини кўрсатади.

        Мева-сабзавот маҳсулотларини сертификатлаш ва  стандартлаштириш  соҳасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар.

Ҳозирги вақтда дунаёнинг аксарият мамлакатлари, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотларимизни экспорти амалга оширилаётган давлатларда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг хавфсизлиги ва сифатига оид тавсия ва талаблар (стандартлар)  кенг миқёсда жорий этилмоқда. Тадбиркор, фермерларимиз хорижга маҳсулотларини сотишда, импортёр давлатлар томонидан маҳсулотга қўйилаётган сифат, сертификатлаш, фитосанитария, қадоқлашга оид ва бошқа талабларни  ўрганишлари ва амалиётга жорий этишлари  лозим.  Бу масалада мутасадди идоралар элчихона, экспортни ривожлантириш ташкилотлари, божхона идоралари аниқ  маълумот берилишини таъминлаши, тегишли ахборот кўмаги кўрсатиши лозим. Мева-сабзавот маҳсулотларини халқаро сифат стандартлари бўйича сертификатлаш лабораториялари тармоғини ҳар бир вилоят ва туманлараро даражасида ташкил этиш соҳа ривожига туртки бўлади.

Республикамиз ҳукумати қарорларида мутасадди идоралар зиммасига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар учун Global GAP, ISO 22000, Нalal, Organic стандартларини кенг жорий этиш ва тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси қуйилган. Ҳозирги вақтда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилишда расмийлаштириладиган (импорт қилувчининг талабидан келиб чиқиб ихтиёрий равишда) сертификатлар: ISO-22000 сертификати амал қилиш муддати  – 5 йил, мувофиқлик сертификати амал қилиш муддати – 3 йил, Global, GAP – сертификати амал қилиш муддати – 1 йил. Айни пайтда,  Global GAP стандарти талаблари бўйича сертификатлаштиришнинг нархи қиммат (4-10 минг ЕВРО) бўлганлиги сабабли доимий экспорт фаолиятини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектларига молиявий кўмак кўрсатиш мақсадида мутасадди идоралар (Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги,  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси в.х.к.) маблағлари ҳисобига Global GAP сертификатини олишда амалий ёрдам кўрсатилиши ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Масалан, Global, GAP – стандарти сертификатини олиш учун мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи фермер ва тадбиркорлар ўзларида маҳсулот сифати менежменти тизимини  ишлаб чиқишлари ва жорий этишлари лозим. Бунинг учун эса сифат менежменти хизмати ташкил этилиши, тупроқ таркиби таҳлилини ўтказилиши, яъни маҳсулот экилишидан тортиб то пишиб етиштирулгунга қадар бу борада тизимли ишларни амалга оширишлари талаб этилади. Бу оддий фермер учун жуда мураккаб масала.

Фермерларга мева-сабзавот маҳсулот етиштирилиши ва экспортга кўмаклашадиган консалтинг-инжиниринг тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш.

Ушбу ташкилотларнинг малакали мутахассислари фермерларнинг ер тузилиши (сифати), ер-иқлим шаротини ўрганиб қайси турдаги экспортбоп маҳсулоти экилиши, ишлов берилиши, маҳсулот етилиши ва етиштирилган маҳсулотни экспортга чиқаришга амалий ёрдам бериб ахборот кўмагини кўрсатади. Ташқи бозорларни ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотларини олиб борувчи консалтинг хизматларини ташкил этиш ва уларнинг материалларини интернет-сайтларда эълон қилиш ҳам бу масалани ҳал этишга қисман бўлса-да ҳисса қўшади.

   Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулот имижини яратиш лозим. Бу ўринда. туризм соҳасидаги реклама билан бир қаторда мева-сабзавот маҳсулотлари, қайта ишланган маҳсулотлар рекламасини кучайтириш, хорижда ташкил этилаётган кўргазмаларда фаол иштирок этиш, кўргазмаларда республикамиз шарафини ҳимоя қилаётган тадбиркорларга кўргазмада қатнашиш билан боғлиқ харажатлар бир қисмини (30-50 %) Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни қўллаб қувватлаш жамғармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳисобидан қоплаш чора-тадбирларини кўриш лозим.

     Маҳсулот тайёрлаш соҳасидаги масалаларни ҳал этиш.

Хорижий ҳамкорлар  одатда маҳсулотни йирик миқдорда улгуржи сотиб олиш учун  буюртма қилишади. Ушбу масалани ҳал этиш учун биринчи ўринда хорижий ҳамкорлар талабига мувофиқ экспортбоп тарзда каллибровкага келтирилган кўп миқдорда мева-сабзавот  маҳсулотлари йиғиш ва уни қайта ишлаш имкониятига эга махсус жиҳозланган терминаллар  сонини кўпайтириш, ҳудудларнинг мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича “ихтисослашуви”га (Масалан, Самарқанд майизи, Фарғона ўриги, Олтиариқ бодринги, Сурхондарё карами ва ҳ.к.) мос равишда йил давомида фаолият кўрсатадиган савдо ярмаркаларини ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш талаб этилади.

Шунингдек, боғзор-токзорларга, ерга ишлов берувчи замонавий техника ва технологияларни лизинг, кредитлаш  асосида олиб келинишини  рағбатлантириш лозим. Бу борада республикамиз банк муассасалари, лизинг ташкилотлари  хорижий  кредит линиялари ва бошқа маблағларни жалб қилган ҳолда тадбиркор ва фермерлар билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантириши  зарур.

Шунингдек, мева-сабзавот экспортини молиялаштириш, экспорт хавф-хатарини суғурта қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, кўчат, сертификатланган уруғ ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини ҳам мақбуллаштириш жоиз. Жумладан, тижорат банклари томонидан барқарор пул оқимига эга бўлган ва тўловга  қобиллик  кўрсаткичлари  юқори  бўлган  деҳқон  ва  фермер хўжаликларига  гаровсиз микрокредитлашни йўлга қўйилиши айни муддао бўлар эди. Ушбу масалада  Тадбиркорларни қўллаб-қуввватлаш давлат жамғармаси кафиллиги, халқаро ташкилотлар томонидан берилаётган кредитлар ва бошқа мақсадли жамғармалар маблағларидан фойдаланиш йўлларини кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мутасадди  идоралар томонидан стратегик импортер давлатларнинг чегаравий ҳудудлари ва порт шаҳарларида (масалан Россия учун Оренбург, яқин шарқ мамлакатлари учун Бандар-Аббас (Эрон) Хитой учун Достик (Қозоғистон), Европа Иттифоқи мамлакатлари учун Рига (Латвия), ва Афғонистон Покистон давлатлари учун Термиз (Ўзбекистон)) савдо-тақсимлаш марказларини ташкил этиш орқали ташқи савдо инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирларини кўриш лозим.

Салоҳиятли импортер мамлакатлардан саналган Хитой, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга  қизил аччиқ қалампир, қовун, олхўри, шафтоли, лимон, анор, узум, хурмо, ерёнғоқ ва бошқа аввал экспорт қилинмаган мева-сабзавот маҳсулотларини республикамиздан экспорт қилишни йўлга қуйиш маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришнинг комплекс тизимини ташкил этиш ҳам долзарб масалалардан бири.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини солиқ томонидан рағбатлантириш масалалари

Ҳозирги вақтда республикамиздаги мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи тадбиркор ва фермерлар кўплаб солиқ имтиёзларига эга. Шу билан бирга аксарият қишлоқ хўжалик корхоналари, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар ҳам ёкилги-мойлаш маҳсулотлари, техника ва бошқа ресурслар ҳамда етиштирилган маҳсулотлар ўртасидаги баҳолар мувозанати (диспаритети) доимий ошиб бориши туфайли  солиқ тўловларини ўз вақтида тўлай олмаётирлар. Ҳозирги вақтда экспортга бозордан ва бошқа деҳқонлардан маҳсулот йиғаётган ҳоҳ фермер  бўлсин ва ҳох тадбиркор қишлоқ хўжалик маҳсулотлари реализацияси бўйича қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) тўловига тортилади.

Бу ўринда нафақат экспортчилар, балки мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш билан шуғулланадиган барча тадбиркор, фермер ва корхоналарга давлат томонидан солиқ имтиёзларини янада кенгроқ тадбиқ этилиши  мақсадга мувофиқдир.

Айни пайтда, хорижий тажрибага (АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи ва бошқалар) назар ташлайдиган бўлсак  қишлоқ хўжалик корхоналари учун амалда имтиёзли солиқлар белгиланган. Шу ўринда, мамлакатимиздаги мева-сабзавот маҳсулотларини экспортчи қилувчи тадбиркор ва фермерларни  ва  қайта ишловчи корхоналар фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида уларни  қишлоқ хўжалик маҳсулотлари реализацияси бўйича қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС)дан озод қилиниши  масаласини кўриб чиқиш лозим.

Мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизимини ривожлантириш.

Бу борадаги қишлоқ хўжалик бирлашмаларини шакллантириш маҳсулотларнинг улгуржи бозорини яратишга хизмат қилиб, мева-сабзавотни етиштириш, қайта ишлаш ва экспортга чиқаришгача бўлган, жумладан, “уруғ-кўчат-маҳсулот етиштириш-тайёрлаш-сақлаш-қайта ишлаш-транспортировка қилиш-бозорга етказиш” тамойили бўйича узлуксиз занжирни шакллантиришни кўзда тутувчи мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишга хизмат қилади.  Айни пайтда, мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кластерлаштиришни бутун республика қишлоқ хўжалигига кенг миқёсда жорий этишда  республикамиздаги асосий мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилари фермер, деҳқон ва кичик ишлаб чиқарувчилар – томорқа эгалари эканлигини ҳам инобатга олишимиз ва шу хусусиятдан келиб чиққан ҳолда, уларни мустақил маҳсулот етиштирувчи сифатидаги ролини ҳам сақлаб қолишимиз лозим. Бу эса  ўрта ва кичик агробизнес ривожланиши  имкониятини чекламайди ва қишлоқ  хўжалигида  рақобат муҳити  шаклланишига  хизмат қилади. Аҳоли сони зич, тупроқ унумдорлиги  яхши бўлган шароитда (масалан Фарғона водийси, Самарқанд вилоятида),  қўл меҳнати кўп талаб қилинадиган, республикамиз аҳолисининг қариъб ярми истиқомат қиладиган қишлоқ жойлардаги ишсиз аҳолини мавсумий иш ўринлари билан таъминлайдиган, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида рақобат муҳитини шакллантирувчи деҳқон ва фермерларни асосий даромад манбаи бўлган    мева-сабзавотчилик соҳасида йирик кластерларни кенг жорий қилинишидан аввал ушбу ижтимоий муҳим аҳамиятга эга ҳолатларни ҳам ҳисобга олиш зарур. Шу ўринда, қишлоқ ҳудудларда ишлаб чиқариш кооперацияси, қайта ишлаш  саноатини ривожлантириш, аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, кун кечириш кафолатланадиган қўшимча иш ўринлари яратиш масалаларини ҳам ҳал қилиш долзарб аҳамиятга эга.

Аграр соҳа, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларининг молиявий аҳволи қишлоқ хўжалиги ва саноат ўртасидаги баҳо тенгсизлигининг чуқурлашуви  натижасида анчагина мураккаблашди. Бунга сабаб  моддий-техника ресурслари (ерга ишлов берадиган техника қимматлиги) ёқилғи-мойлаш материаллари ва хизматлар нархларининг эркинлаштирилиши, қайта ишлаш, тайёрлаш ва савдо корхоналари (бозорларни эгаллаб олган савдогарлар)нинг  монопол ҳолати туфайли мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган нархларнинг чегараланганлиги, аҳоли тўлов қобилиятининг пастлиги ва маҳсулот бирлигига бўлган харажатлар  таннархини ошиб бораётганлиги (шу жумладан, ер унумдорлиги пастлиги, аксарият ишлар қўл меҳнати билан бажарилиши сабаби)   билан ҳам изоҳлаш мумкин.

Шу ўринда мева-сабзавот маҳсулотлари соҳасини ривожлантириш республикамиздаги иқтисодий ислоҳотлар локомотивларидан бири бўлиши лозим. Айни пайтда, республикамизда қишлоқ хўжалигига киритилган инвестициялар ҳажми кейинги 4 йилда асосий капиталга киритилган жами инвестициялар улушида бор-йуғи  3-5 фоизни ташкил этганини кўрамиз. Шу билан бирга жаҳон амалиёти аграр секторни ривожлантирмасдан умумуиқтисодий ривожланиш, жумладан саноат тармоғини ўсишига эришиш мураккаб эканлигини кўрсатмоқда. Республикамиз аҳолисини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш эса тупроқ унумдорлигини ошириш, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш, деҳқон пешона тери билан яратилган маҳсулотга ҳаққоний баҳо бериш, уни рағбатлантириш  билан ўзвий боғлиқ ҳолда амалга оширилиши лозим.     Бу эса қишлоқ хўжалигига, қишлоқ инфратузилмасига, жумладан мева-сабзавотчилик соҳасига  давлатнинг жиддий молиявий кўмаги кўрсатилиши, инвестицияларни жалб қилишни тақозо этади.

 

Ушбу таклифларимизнинг жорий этилиши соҳани янада такомиллаштириш ва иқтисодиётимизнинг юксалишига катта замин яратади.

 

 

Акром АлимовЎзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори,

Султонмурод Михридинов – Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази бўлим бош менежери