//ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДАГИ «ЧОРВАЧИЛИК СОҲАСИДА ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ ЗАНЖИРИНИ ЯРАТИШНИ РИВОЖЛАНТИРИШ» ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДАГИ «ЧОРВАЧИЛИК СОҲАСИДА ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТ ЗАНЖИРИНИ ЯРАТИШНИ РИВОЖЛАНТИРИШ» ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ
Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида илғор хорижий технологияларни фаол жорий этиш, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, шунингдек, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
а) 2019 йил 13 ноябрда Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки (кейинги ўринларда — ОТБ) ўртасида «Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш» лойиҳасини (кейинги ўринларда — Лойиҳа) молиялаштириш учун 2 фоиз ставкада, шу жумладан 5 йил имтиёзли даврга 25 йилда қоплаш муддати билан қиймати 150,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз битими имзоланганлиги;
б) Лойиҳанинг умумий қиймати 237,45 млн. АҚШ доллари эквивалентини, улардан:
150 млн. АҚШ доллари ОТБнинг қарзи;
56,15 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар Лойиҳа иштирокчилари (бенефициарлар)нинг улуши;
31,30 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар, шу жумладан солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш шаклида — 22,46 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклида — 8,84 млн. АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар Ўзбекистон Республикасининг Лойиҳани амалга оширишдаги улушини ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) Лойиҳанинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши, унинг мувофиқлаштирилиши ва бошқарилиши, шунингдек, Лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисобот юритилиши учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;
кредит линиясини бошқариш, ОТБнинг қарзи ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари Лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларига юкланади;
Лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилни (2020 ― 2024 йиллар) ташкил этади.
3. Қуйидагилар:
«Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
«Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш» лойиҳаси бўйича Осиё тараққиёт банкининг қарзидан фойдаланиш схемаси 2-иловага мувофиқ;
«Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Осиё тараққиёт банкининг қарзини сўндириш, фоиз ва комиссия тўловларини амалга оширишнинг прогноз жадвали 3-иловагамувофиқ;
«Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда бир ой муддатда Лойиҳа доирасида ОТБ томонидан ажратилган қарзни ишлатиш тартибини, сублойиҳаларни танлаш ва уларни баҳолаш мезонларини кўрсатган ҳолда, кредитни қайта молиялаштиришнинг муддатлари ва шартлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, қишлоқ хўжалиги вазири, Агентлик бош директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига Лойиҳа доирасидаги тадбирларни самарали амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш, шунингдек, ОТБ ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳисобот ҳамда зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этишни ўз вақтида ташкиллаштириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
6. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан ОТБ томонидан ажратиладиган қарзни қайта кредитлаш битимларини имзолаш, шунингдек, уларга Агентлик ва Лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари билан келишилган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритиш ваколати берилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасидаги қарз битими;
Лойиҳа доирасида Агентлик ҳамда Лойиҳада иштирок этувчи тижорат банклари билан ОТБнинг қарз маблағларини қайта кредитлаш битимлари ва уларга киритиладиган ўзгартиришлар юзасидан ўрнатилган тартибда юридик хулосалар берсин.
8. Қуйидагилар:
Лойиҳани амалга ошириш доирасида ОТБ қарзи ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари), қўшилган қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан;
Лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинсин.
Белгилансинки:
мазкур бандга мувофиқ тақдим этилган имтиёзларнинг амал қилиши Лойиҳа доирасида қайта молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан жисмоний ва юридик шахслар томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳам жорий этилади;
ушбу имтиёзлар натижасида бўшаган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг Лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурларига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Агентликнинг буюртманомалари бўйича Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи чет эллик мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Агентликнинг буюртманомалари бўйича Лойиҳа доирасида жалб этиладиган чет эллик мутахассисларга кўп марталик визаларни расмийлаштириш, бериш ва муддатини узайтиришни, шунингдек, вақтинчалик яшаш жойига вақтинча прописка қилиш ва вақтинчалик прописканинг муддатини узайтиришни давлат божи ундирмасдан таъминласин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 27 ноябрь,
ПҚ-4538-сон