//ШҲТ ҲУКУМАТ РАҲБАРЛАРИ КЕНГАШИНИНГ ТОШКЕНТ МАЖЛИСИ

ШҲТ ҲУКУМАТ РАҲБАРЛАРИ КЕНГАШИНИНГ ТОШКЕНТ МАЖЛИСИ

Тошкент шаҳрида 2 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлис Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Қирғиз Республикаси Бош вазири Муҳаммадқалий Абилғазиев, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Ҳиндистон Республикаси мудофаа вазири Ражнат Сингх ва Покистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг ШҲТ бўйича миллий координатори Заҳур Аҳмаднинг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Музокарада ШҲТ Бош котиби Владимир Норов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов ҳам иштирок этди.
Мулоқот чоғида ШҲТ фаолияти изчил ривожланиб бораётгани, ташкилот Хартияси ва аъзо давлатлар ўртасида Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
ШҲТ қисқа муддатда жадал ривожланиб, нуфузли ташкилотга айланди. Унинг халқаро майдондаги мавқеи йил сайин ортиб, ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирган давлатлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ҳиндистон ва Покистоннинг 2017 йилда ташкилот аъзолигига қабул қилиниши ШҲТ доирасида очиқлик тамойили устувор аҳамият касб этишидан далолат.
ШҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақавий тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик, иқтисодиёт ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Бу каби мақсадларни рўёбга чиқаришда фан-техника, таълим, маданият, энергетика, транспорт, экология каби соҳаларда самарали мулоқотни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йиллар мобайнида ШҲТ ҳудудида терроризм, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси ва трансчегаравий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ШҲТга аъзо давлатлар ва минтақада барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, ижтимоий-маданий соҳада ҳамкорликни кенгайтириш учун муҳим шартномавий-ҳуқуқий асос яратилди. Бугунги кунда етмишдан ортиқ келишув ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни тартибга солиб келмоқда.
Ўзбекистон ШҲТ таъсисчи давлатларидан бири сифатида ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, унинг халқаро обрў-эътиборини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташкилотдаги иштирокини сезиларли даражада фаоллаштирди. Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарларининг Остона, Циндао ва Бишкек саммитларида хавфсизлик, савдо-иқтисодий, илм-фан, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий таклифларни илгари сурди.
Тошкент ташаббуси билан темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари учрашувининг механизми, мамлакатимизда ташкилотга аъзо давлатлар орасида биринчи бўлиб ШҲТ халқ дипломатияси маркази, Самарқандда “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилди. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг ёшларга қўшма мурожаати ва уни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳаракатлар дастури, ШҲТга аъзо давлатлар илмий-тадқиқот муассасаларининг 2019-2020 йиллардаги ҳамкорлиги “Йўл харитаси”, Минтақалараро ҳамкорлик дастури, Рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси ва бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Ҳукумат раҳбарлари кенгаши иштирокчилари кун тартиби ва унинг доирасида имзоланадиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлашди, ШҲТ фаолиятига доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишди.
Кенгашнинг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви раиси М.Шаршекеев ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгаши раиси А.Оморкулов, кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон Ислом Республикаси Бош вазири А.Абдулла, Беларусь Республикаси Бош вазири С.Румас, Эрон Ислом Республикаси биринчи вице-президенти И.Жаҳонгирий, Мўғулистон Бош вазири ўринбосари У.Энхтувшин, фахрий меҳмон сифатида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, шунингдек, ҳамкор халқаро ташкилотлар вакиллари – БМТ ЭСКАТО ижрочи котиби ўринбосари Х.Хам, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари С.Иванов, АСЕАН Бош котиби ўринбосари Р.Тене, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши котибияти ижрочи директори Ҳ.Мирзозода, Евросиё иқтисодий комиссияси раиси Т.Саркисян, БМТ ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили В.Рахманин қатнашди.

Мажлис иштирокчилари ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Бишкек саммитида ҳукуматлар олдига қўйилган вазифалар – аъзо давлатлар ўртасида хавфсизлик, сиёсат, иқтисодиёт, соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга оид ташкилот Бош котиби В.Норовнинг ҳамда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси кенгаши раисларининг тузилма фаолиятига оид ахборотларини тингладилар.
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатлар ишбилармон доираларининг юқори технологияли ва инновацион қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, иқтисодиётнинг инфратузилма, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, рақамлаштириш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм каби муҳим тармоқларида лойиҳаларни амалга ошириш, кўргазма-ярмарка фаолияти ва мультимодал транспорт-логистика комплексларини ривожлантиришга қаратилган амалий ташаббусларининг муҳим аҳамиятга эга эканига алоҳида эътибор қаратди.
Биргаликда очиқ турдаги халқаро иқтисодиётни шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада чуқурлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Мажлисда транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этиши яна бир бор тасдиқланди. ШҲТга аъзо давлатлар темир йўл маъмуриятлари ўртасида темир йўл транспорти соҳасидаги ўзаро боғлиқлик концепцияси тасиқланди. Бу минтақадаги мавжуд транзит имкониятларидан самарали фойдаланиш, транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш, юк ташиш ҳажмини кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини беради. Шу орқали ШҲТ маконида товарлар айланиши ва инвестиция фаоллигини ошириш учун қулай муҳит яратилади.
ШҲТга аъзо давлатлар сайёрамизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, глобал тараққиётга эришиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суришдаги халқаро саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. ШҲТга аъзо давлатларнинг бу борадаги тутуми ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг Циндао ва Бишкек саммитлари якунлари бўйича қабул қилинган қўшма декларацияларда яна бир бор ўз аксини топди.
Мажлисда ШҲТ билан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ўртасида англашув меморандуми имзолангани ташкилот фаолиятида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва гуманитар алоқа соҳаларидаги ҳамкорлик кўп қиррали хусусиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.
ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида чекка ва қишлоқ ҳудудларида аҳолига сифатли хизматлар кўрсатишда кўп томонлама алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу жиҳатдан Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мазкур мажлиси доирасида чекка ва қишлоқ ҳудудларини рақамлаштиришни ривожлантириш бўйича концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга оширишда якдил қарорга келингани муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, маданият, таълим, спорт, фан ва техника соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олинди. Мамлакатларнинг бой тарихий-маданий меросини тарғиб этиш мақсадида минтақанинг сайёҳлик салоҳиятидан янада тўлароқ фойдаланишга оид алоқаларни ривожлантириш, бунда Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети имкониятларидан кенг фойдаланиш таклиф этилди.
Бу ШҲТ ҳудудида истиқомат қилаётган халқлар ўртасида яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга, уларнинг манфаатлари йўлида маданиятлараро мулоқотни фаоллаштиришга хизмат қилади.
Муҳокамалар чоғида Орол минтақасидаги экологик вазиятни инобатга олган ҳолда, “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди”ни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаш ғояси илгари сурилди.
Ҳукумат раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури ижросини кўриб чиқдилар ва янги дастурни маъқулладилар.
Ташкилотнинг 2020 йил учун мўлжалланган бюджетини тасдиқладилар.
Тадбирда жами 14 ҳужжат имзоланди. ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси якунлари бўйича Қўшма коммюнике имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мажлис самарали бўлгани, имзоланган ҳужжатлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Делегация раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси юксак савияда ташкил қилинганини эътироф этиб, Ўзбекистон томонига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2020 йилда илк бор Ҳиндистон Республикасида ўтказилади.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
Манба: ЎзА