//«ЁШ ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР» ЛОЙИҲАСИНИНГ ТУМАНЛАРДА БОРИШИ ҲАҚИДА

«ЁШ ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР» ЛОЙИҲАСИНИНГ ТУМАНЛАРДА БОРИШИ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қошидаги Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди эълон қилган танлов ғолиби сифатида «Ёш тадбиркор – элга мададкор» лойиҳасини Тошкент шаҳрининг Миробод туманида жойлашган Автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг кичик мажлислар залида иш билан вақтинча банд бўлмаган ҳамда институтнинг битирувчи талабалари иштирокида ушбу институт проректори Равшан Худойберганович бошчилигида 2019 йилнинг 15 октябрида ҳамда Яккасарой туманида жойлашган Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мажлислар залида Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Аброр Улуғмуродов раҳбарлигида 2019 йилнинг 14 ноябрида ўтказди.
Лойиҳанинг мақсади – ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг ишбилармонлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка бўлган қизиқишларини янада кучайтириш, фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиш, ёш тадбиркорларнинг ҳуқуқий, иқтисодий, сиёсий билим ва кўникмаларини янада ошириш, ёшлар томонидан яратилаётган инновацион лойиҳаларни хусусий сектор фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Парламент комиссиясининг 2019 йил 26 июлдаги “Маънан етук ва юксак маърифатли ёш авлодни тарбиялашда ижтимоий шерикликни кучайтириш мавзусида 2019 йилнинг август ойидан 2020 йилнинг апрель ойига қадар даврда Тошкент шаҳрининг барча туманларида меҳнат билан банд бўлмаган, вақтинча ишсиз, тадбиркорликка мойиллиги бор ёшларни тадбиркорлик асосларига ўқитишдан иборатдир.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу фаолият турини йўлга қўйиш билан боғлиқ ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий билим ва малакани оширишга кўмаклашиш, ушбу соҳага татбиқ этиш мумкин бўлган илғор тажриба ва инновациялардан фойдаланиш, замонавий иш услубларини ҳаётга жорий этиш ва оммалаштириш, ўз бизнес-режаларини муваффақиятли ҳимоя қилган ва уни молиялаштириш учун банк сертификатини қўлга киритган иштирокчиларнинг тадбиркорлик фаолиятига яқиндан кўмаклашиш, йўл-йўриқлар кўрсатиш орқали уларни тадбиркорлар ва ишбилармонлар партияси – OʻzLiDeP сафига жалб қилишдир.
Тошкент шаҳрининг Миробод ва Яккасарой туманларида ташкил этилган ўқув семинарларига тадбиркорлик юзасидан дарс бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан депутат Раҳматилла Каримов, Миробод туман кенгаши депутати Шоира Жабборова, ЎзЛиДеП Яккасарой туман кенгаши раиси, депутат Аҳмад Никбаев, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармасидан масъул ходим Хасан Мадалиев, Ўзбекистон давлат солиқ қўмитасидан катта инспекторлар Ирода Максумова ва Пулатова Гулчехра, “Микрокредитбанк” АТБ дан кредит бўлими бошлиғи Фарход Алимжановлар иштирок этдилар.
Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтида ўтказилган ўқув семинарида тадбиркорликка қизиқиш билдирган 46 нафар иштирокчига ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтидаги 86 иштирокчига тадбиркорликка оид қонунчилик асослари, уларни қўллаб-қувватлаш ва ахборот кўмагини кўрсатиш, солиққа тортиш ва имтёзлар ҳақида, тадбиркорликни молиялаштириш манбалари, хусусан ўз ва жалб этилган маблағлар юзасидан маълумотлар берилди ҳамда ўз тажрибаларидан мисоллар келтиришди;
-юқорида зикр этилган олийгоҳларда ўтказилган ўқув семинари давомида иштирокчилар тарафидан тадбиркорлик фаолиятига оид берилган саволларга мутасаддилар тарафидан жавоблар берилди ҳамда ушбу борадаги мавжуд муаммолар қизғин муҳокама қилинди.
Тадбиркорликка қизиққан ёшларга мазкур ўқув семинарида олинган билим ва кўникмалар асосида ўз бизнес режалари лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни ЎзЛиДеПнинг туман кенгашларига топшириш лозимлиги ҳамда топширилган бизнес режаларни сараловчи босқич кутаётгани ҳақида тушунтирилди.
Лойиҳанинг якуний сараловчи босқичида иштирокчиларнинг саралаб олинган энг яхши бизнес режалари тақдимоти қилинади ва банклар фаолият йўналишларига мос ва ғолиб деб топилган бизнес-режаларни келгусида кредитлаш юзасидан танлаб олади.
Лойиҳа доирасида ташкил этиладиган ўқишларда давлатимиз раҳбарининг хусусий мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида ёритиб борилади.
И.Хакимов, ЎзТФҚМнинг Тадбиркорлик ва бозор инфратузилмалари субъектлари билан ишлаш бўлими менежери