//ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ

Жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда ишбилармонлар, иқтисодчилар, фаолияти экспорт соҳасига алоқадор тадбиркорлар ва уюшма вакиллари иштирок этди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон экспортчилари уюшмасининг иш бошлаганига эндигина икки ой бўлди, холос. Шундай бўлса-да, уюшма ўз олдига қўйган мақсадларни амалга ошириш йўлида дадил одимлаётгани кўзга ташланмоқда. Хўш, бу қандай мақсадлар? Экспорт билан шуғулланувчи тадбиркор юртдошларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, экспорт учун республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ягона электрон савдо платформасини яратиш, ички ва ташқи бозорлар маркетинг тадқиқотларининг ягона маълумотлар базасини яратиш ва бошқалар уюшманинг асосий вазифалари сирасидан ўрин олган. Эътиборлиси, шу кунгача уюшма мутахассислари юзлаб тадбиркорга ҳуқуқий ва бошқа йўналишларда маслаҳатлар берди, шунингдек, экспортчилар дуч келган 10 га яқин муаммони ҳал қилишга кўмаклашди.
“Президентимиз ўз чиқишларида Ўзбекистоннинг экспорт борасидаги салоҳияти тўла ишга солинмаётганини қайта-қайта таъкидламоқда”, – дейди O‘zTFQM раҳбари А,Алимов. Бинобарин, соҳа ривожига ҳисса қўшиш имконига эга яна бир ташкилотнинг вужудга келгани айни муддао бўлди. Алоҳида диққатга сазовор жойи шундаки, Марказимиз ғоя ва мақсадлари мазкур уюшма зиммасига олган вазифалар билан мос келади. Биз ҳам иш режамизда экспортни рағбатлантириш орқали унинг номенклатураси ва географик маконини кенгайтириш, экспорт-импорт тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва диверсификациялаш, тадбиркорлар ва фермерларнинг иқтисодий-ижтимоий билим-кўникмаларини ошириш каби вазифалар ҳам белгилаб қўйилган. Куч ва имкониятларимизнинг бирлашиши, ҳамжиҳатликдаги ҳаракатларимиз хусусий сектор манфаатларини ифодалаб, келажакда иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилади.
Маълумки, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки қошида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам фаолият юритмоқда. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура қошида ҳам шу сингари тузилмалар мавжудлигига қарамай, шундай янги уюшма тузилишига қандай эҳтиёж бор эди.
Ҳақиқатан ҳам, экспорт қилиш билан шуғулланувчи ташкилотлар кўп ва уларнинг ҳаммаси давлат ташкилотларидир, – дейди Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси бошқаруви раиси М.Умаров. Улар тадбиркорлар билан бевосита иш олиб бормайдилар. Бизнинг уюшмамиз эса нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, ҳеч қайси давлат идорасига бўйсунмайди. Экспортчилар билан бевосита, юзма-юз ишлаймиз. Таҳлил, умумлаштириш, ҳисобот ишларини мустақил равишда бажарамиз. Уюшмамиз ходимлари орасида экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар ҳам бор. Бу эса иш унуми ва сифатида катта аҳамиятга эга. Ҳар куни уюшмага келган ишбилармонларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал қилинишига ёрдамлашяпмиз.
Мазкур ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга мувофиқ, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ва Экспортчилар уюшмаси имконият ва салоҳиятларини бирлаштириш орқали экспорт соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг тизимли ижросини таъминлашда фаол иштирок этади.

И.Ҳакимов,

ЎзТФҚМнинг Тадбиркорлик ва бозор инфратузилмалари
субъектлари билан ишлаш бўлими менежери