//“ЎЗБЕКИСТОНДА ХАНДОН ПИСТА БОҒЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ” МАВЗУСИДАГИ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ СЕМИНАР

“ЎЗБЕКИСТОНДА ХАНДОН ПИСТА БОҒЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ” МАВЗУСИДАГИ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ СЕМИНАР

Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда хандон писта боғларини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида 2019 йилнинг 12 ноябрида илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Илмий-амалий семинар Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш марказининг мажлислар залида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг мутасадди ходимлари, “Фермер ва томорқачи” газетаси редактори, хандон писта етиштириш бўйича амалиётчилар ҳамда “Хожикент-Гани Абдумалик” фермер хўжалиги раҳбарлари иштирокида ўтказилди.
Ўзбекистонда хандон писта боғларини ривожлантириш истиқболларига бағишланган илмий-амалий семинарда Ўзбекистон ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг мутасадди ходими Е.Ботманнинг “Ўзбекистон шароитида юқори навли хандон писта боғларини ривожлантириш истиқболлари” ва “Фермер ва томорқачи” газетаси редактори, хандон писта етиштириш бўйича амалиётчи биолог А.Тешабоевнинг “Ўзбекистонда хандон писта боғларини ривожлантиришда хориж тажрибаси” мавзуларидаги тақдимотлари намойиш этилди.
Маърузачиларнинг маълумотларига кўра писта бундан 100000 йил аввал Эронда мавжуд бўлган. Кейинчалик қадимги Грецияда кўпайтирила бошланган. Эронликлар пистани пишганда ярмигача очилиб, мағизи кўриниб тургани учун, кулаётган «хандон» писта деб аташган. Шарқда пистани эъзозлаб «тоғ олди ҳудудининг бекаси», «Ҳаёт дарахти» деб аталса, бугунги кунда кўп мамлакатларда «Яшил олтин» «Пул дарахти» деб аташмоқда. Форс мамлакатларида пистани бойлик ва мўл-кўллик рамзи санашади. Шунинг учун ҳам писта қадимдан камчил ва қимматли мева сифатида эъзозланиб келинган.
Бугунги кунда ҳам писта XXI аср бизнеси бўлиб турибди. Бунинг сабаби сўнгги 45 йил ичида дунёда писта етиштириш қарийб 31 маротабагача кўпайди. Шунга қарамай, 100 йиллар мобайнида бозор муаммосини туғдирмайдиган, энг юқори рентабелли ягона мевали дарахт бўлиб қолмоқда.
Маърузачилар тақдимотларида писта азалдан Ўрта Осиё мамлакатлари ҳудудларида ўсганлиги, бироқ бугунги кунда писта етиштириш бўйича Ўзбекистон айрим сабабларга кўра бошқа хорижий мамалакатлардан анча орқада эканлиги, писта етиштиришда Ўзбекистонда асосан тоғли лалми ерлардан фойдаланилиши ва ушбу борадаги жаҳон тажрибаси (замонавий технология ва техника)дан фойдаланмаслик ҳолатлари мавжудлигига, пистачиликни тадбиркорлар ва ишбилармонлар ўртасида тарғибот ва ташвиқоти олиб борилмаётганлигига ва ушбу соҳа билан боғлиқ бошқа масалаларга эътибор қаратишди.
Маърузачилар тақдим этган материаллардан пистачилик етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ичида ўзининг юқори рентабеллиги (379% дан 446% гача), инсон соғлиғи учун фойдалилиги, озиқ-овқат, кимё ва ҳаттоки, авиасозлик саноатида ҳам қўлланилиши билан ажралиб туриши аён бўлди. Шунингдек, писта маҳсулотига жаҳон бозорида талаб йилдан-йилга ўсиб бораётганлиги айниқса, эътиборга сазовордир.
Писта экилган майдонлар 2010 йилдаги маълумотларга кўра, Эронда 250000 гектар, АҚШда 55000 гектар, Туркияда 42000 гектар, Сурияда 38000 гектар, Хитойда 20000 гектар ер майдонларини ташкил этган.
2013 йилда Эрон 478600 тонна, АҚШ 196930 тонна, Туркия 88600 тонна, Хитой 74000 тонна, Сурия 54516 тонна, Греция 11000 тонна, Италия 3203 тонна, Австралия 1850 тонна, Тунис 1200 тонна, Иордания 732 тонна писта етиштирган.
Эрон 2015 йилнинг бир даврида 182 минг тонна пистани 170 мамлакатга экспорт қилиб 1,6 млрд. доллар даромад олди.
2016-17 йилларда дунё миқёсида писта етиштириш деярли 50 фоизга ўсиб, 777000 тоннани ташкил этди. Бунга АҚШ пистачилигидаги ҳосилдорликнинг кескин даражада кўтарилиши сабаб бўлди. Етиштирилишига кўра писта истеъмоли ҳам 30 фоизга ўсди. Жаҳон бўйича экспорт миқдори ҳам қарийб 30 фоизга ўсиб, 371000 тоннани ташкил этди.
Энди пистанинг баҳоси масаласига келсак, 2013 йилда Германияда 1 кг. писта 12,05 долларга, Туркияда 12,16 долларга, Чехияда 11,45 долларга сотилган. 2014 йилда жаҳон бозорида пистанинг ўртача нархи 8-8,2 долларни ташкил этиб, 1 килограмм пистанинг энг юқори нархи Туркияда 2010-2011 йилларда 19,49$ ва 20,12$ ни ташкил этгани кузатилган.
Илмий-амалий семинар давомида аудитория ҳамда мутахассислар ўртасида қизғин бахс бўлиб ўтди, иштирокчилар тарафидан мавзу бўйича кўплаб саволлар берилди ҳамда уларнинг ичидан писта етиштиришга қизиқиб, келгусида ушбу фаолият билан шуғулланмоқчи бўлганлар мавжудлиги семинар ютуқларидан бири бўлди.
Семинарда кўтарилган масала давлат аҳамиятига эга, мамлакат қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятларининг кенгайиши, рентабеллигининг ошиши ва экспорт салоҳиятининг ошишига олиб келиши йиғилиш иштирокчилари тарафидан эътироф этилди.

И.Хакимов,
ЎзТФҚМнинг Тадбиркорлик ва бозор инфратузилмалари субъектлари билан ишлаш бўлими менежери