//“ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ТЎҒРИСИДА”, “МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ҲАМДА ҚЎШИМЧА МАСЪУЛИЯТЛИ ЖАМИЯТЛАР ТЎҒРИСИДА”, “АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИ ВА АКЦИЯДОРЛАРНИНГ ХУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР”НИ МУҲОКАМАСИГА БАҒИШЛАНГАН

“ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ТЎҒРИСИДА”, “МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ҲАМДА ҚЎШИМЧА МАСЪУЛИЯТЛИ ЖАМИЯТЛАР ТЎҒРИСИДА”, “АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИ ВА АКЦИЯДОРЛАРНИНГ ХУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНЛАРИГА КИРИТИЛАЁТГАН ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР”НИ МУҲОКАМАСИГА БАҒИШЛАНГАН

Жорий йилнинг 13 февралида Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан ҳамкорликда “Тадбиркорлар мулоқот форуми” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар”ни муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, “Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси” Давлат корхонаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тадқиқотлар маркази, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, «Тошкент» Республика фонд биржаси, акциядорлик жамиятлари вакиллари ва тадбиркорлик тузилмалари вакиллари иштирок этишди.
Давра суҳбати 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини” амалга ошириш давлат дастури, 2020 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасида белгилаб берилган асосий масалалар, хусусан, молия бозорлари, жумладан, фонд бозорини ривожлантиришнинг долзарб вазифалари ва истиқболларига бағишланди.
Лойиҳа қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш юзасидан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, акциядорлик жамиятлари ва масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар фаолиятларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги замонавий ва халқаро талабларга жавоб бермайдиган нормаларга ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш, хорижий инвесторларни жалб қилувчи шароитлар, жумладан, солиқ солинадиган базани енгиллаштириш, молиялаштиришнинг янги инструментларини жорий қилишга қаратилган.
Амалдаги қонунчилигимизда фақат акциядорлик жамиятлари ва ташкилий ҳуқуқий шаклидан қатъий назар банклар корпоратив облигациялар чиқариши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Лекин корпоратив облигациялар чиқаришга қўйилган амалдаги шартлар ва талаблар ушбу жараённи кўпчилик акциядорлик жамиятлари учун ҳам қийинлаштирмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади ва вазифаси корпоратив қимматли қоғозларнинг чиқаришга қўйиладиган талабларни енгиллаштириш, республикадаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, миллий фонд бозори рақобатдошлигини ошириш, амалга оширилаётган лойиҳаларга аҳоли ва институционал инвесторларнинг бўш ресурсларини жалб қилиш учун тадбиркорлик субъектларига имконият яратишдан иборат.
Ушбу Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида қатор хорижий давлатларнинг, хусусан, АҚШ, Буюк Британия, ЕИ, МДҲ мамлакатларининг лойиҳа мазмунига доир бўлган қонунчилик нормалари ўрганилиб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, молия бозорининг ривожланган инфратузилмасини яратилиши – тўлақонли тузилмавий ривожланган молия бозорини шакллантириш омилларидан биридир. Қимматли қоғозлар бозори бугунги кунда турғунлик ҳолатида эканлигини таъкидлаш лозим.
Бу ҳолат, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга доир нафақат бугунги кундаги масалалар ечими акс этган, балким яқин ва узоқ келажакка мўлжалланган тизимли ва ягона стратегик Концепция ишлаб чиқиш заруриятини кун тартибига қўяди.
Юқорида санаб ўтилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг жорий қилиниши масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларда корпоратив ва инфраструктура облигациялари чиқариш орқали ўз фаолиятларини молиялаштириш имконияти пайдо бўлишига, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига (Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги) корпоратив ва инфратузилма облигациялари чиқариш шартларини белгилаш ваколатининг берилиши капитал бозорини тартибга солувчи қоидаларга хорижий тажрибани тезкор равишда жорий қилинишига, облигация чиқариш тўғрисидаги қарорнинг гаров, банк кафолати ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллар билан таъминланиши юзасидан талабларнинг юмшатилиши эса капитал бозори субъектлари сони ортишига, инвестициявий фаолият билан шуғулланувчи холдингларни солиққа тортишнинг ўзига хос жиҳатларини белгиловчи ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилиши мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошишига хизмат қилади.
Давра суҳбати якунлари бўйича Республикамизда қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва истиқболдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Марказ бош менежери С.Михридинов