//ҚАЧОН БОҒ ВА ТОКЗОРЛАР ЯРОҚСИЗ ДЕБ ТОПИЛАДИ

ҚАЧОН БОҒ ВА ТОКЗОРЛАР ЯРОҚСИЗ ДЕБ ТОПИЛАДИ

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди (18.12.2019 йилдаги 1012-сон ВМҚга қаранг).
Ҳужжат талаблари боғ ёки токзори мавжуд бўлган фермер хўжаликларига ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади, деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.
2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1 октябрга қадар иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ёки токзор майдонларининг манзилли рўйхатини шакллантирилади.
Уларнинг ўрнида интенсив боғ (пакана ва ярим пакана пайвандтагларда етиштирилган кўчатларни зич экиш схемасида ресурстежамкор агротехнологик тадбирларни амалга ошириш асосида ташкил этилган ва сув тежовчи технологиялар жорий этилган боғ), боғ ёки токзорлар экспортбоп ва сердаромад қишлоқ хўжалиги экинларини экиш мақсадида ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказилади.
Боғ ёки токзор:
• барпо этилган кундан 5 йил ва ундан ортиқ муддат ўтган, сўнгги 3 йилда олинган даромади парваришлашга кетган харажатларни қопламайдиган ва ҳосилдорлиги паст бўлса – иқтисодий жиҳатдан самарасиз боғ ёки токзор;
• экилган навлар ҳосилдорлиги уларнинг илмий асосланган ҳосилдорлик кўрсаткичидан паст бўлса – кам ҳосил берадиган;
• кўчат сони кам (30%гача), касаллик ва зараркунандалар билан кучли зарарланган, шунингдек, экилган кўчатнинг биологик хусусиятига, тупроқ-иқлим шароитига, экиш схемасига мос бўлмаса – яроқсиз деб топилади.
Майдонни у ёки бошқа тоифага киритиш ва унинг кейинги тақдири тўғрисида қарор қабул қилиш туман (шаҳар) ҳокимликлари ваколатига киради. Улар ўз қарорларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги билан келишадилар. Ер кодексининг 34-моддасига асосан ташкил этилган ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага бериш ва мулк қилиб бериш масалаларини кўриб чиқувчи туман (шаҳар) комиссияси ташкил этилади.
Агар фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари тузилган далолатномани имзолашни рад этганда ёки унга юклатилган мажбуриятларни белгиланган муддатларда бажармаган тақдирда, туман (шаҳар) ҳокимлиги ер участкасини ижарага олиш шартномасини бекор қилиш тўғрисида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли.
Яроқсиз деб топилган боғ ёки токзорларни бузиш ҳамда далани дарахт қолдиқларидан (илдизларидан) тозалаш ишлари билан боғлиқ ҳаражатлар тегишли фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилоти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.12.2019 йилдан кучга кирди.

Анвар Иркаходжаев.

Подробнее: https://www.norma.uz/uz/qonunchilikda_yangi/qachon_bog_va_tokzorlar_yaroqsiz_deb_topiladi