//Қимматли қоғозлар бозори: турғунликдан тараққиётга

Қимматли қоғозлар бозори: турғунликдан тараққиётга

Партиямиз ўз дастурий мақсад ва вазифаларига мувофиқ иш юритиб, иқтисодиётимиз равнақига дахлдор ҳар бир масалага жиддий эътибор қаратяпти, тараққиётга тўсқинлик қилаётган муаммоларни атрофлича таҳлил қилиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда  мақбул ечимлар ишлаб чиқяпти.   

Очиғини айтиш керак: мамлакатимизда қимматли қоғозлар бозори жуда суст ривожланяпти. Ваҳоланки, у ҳар қандай давлат иқтисодиётида катта аҳамиятга эга. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Мазкур жабҳа жонланиши, тўлақонли ишлаши учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур? O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес омбудсман ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида юқорида зикр этилган масалалар муҳокама қилинди, камчиликларни бартараф қилишга қаратилган вазифалар  белгиланди. Қайд этиш зарурки, “Ўзбекистон Республикасининг қимматли қоғозлар бозори, ривожланиши ҳамда инфратузилмалари шаклланишининг истиқболлари” мавзуидаги ушбу мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари, Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, Давлат активларини бошқариш агентлигининг тадқиқотлар маркази, “Тошкент” республика фонд биржаси,  акциядорлик жамиятлари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Адҳам Назирқулов таъкидлаганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш йўлида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимизнинг тегишли фармонлари эълон қилинди. Бу бежиз эмас. Илгари мамлакатимизда мулкни давлат тасарруфидан чиқаришва хусусийлаштириш жараёнида қарийб 5 минг корхона акциядорлик жамиятларига айлантирилган бўлса-да, корхоналар айланма маблағларига юридик шахслар ва аҳолининг бўш пул маблағлари кенг миқёсда жалб қилинишига эришилмади. Корхонанинг эгаси ўзгарди, холос. Фуқароларда қимматли қоғозлар тўғрисида аниқ тушунча, тасаввур шаклланмаган эди. Ҳар йили олий ўқув юртларини мазкур йўналишга ихтисослашган минглаб ёшлар битирса-да, лекин ижобий натижалар сезилмаётганди. Хуллас, қимматли қоғозлар бозори турғунлик ҳолатида эди. Бу эса қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришнинг нафақат бугунги кундаги, балки яқин ва узоқ истиқболдагимасалалари акс этган ягона стратегик концепция ишлаб чиқилиши заруратини кун тартибига қўйяпти.  

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг бош директори Шерали Абдужабборов депозитарийнинг режалари амалга ошиши соҳа тараққиётига муайян ҳисса бўлиб қўшилиши тўғрисида гапирди. Жумладан, депозитарийнинг стратегик ривожланиш йўналишларидан бири корпоратив ҳаракатларга халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатишни йўлга қўйишдир.

 Марказий депозитарийнинг кейинги стратегик ривожланиш йўналишларидан бири – чет эл марказий депозитарийлари билан вакиллик алоқаларини ўрнатишдир. Чет эл марказий депозитарийлари ютуқларини ўрганиш ва амалиётда қўллаш имкониятига эга бўлиш мақсадида Россия (НРД), Қозоғистон (KAСD), Корея (KSD) марказий депозитарийларининг, шунингдек, йирик халқаро депозитарийлар (EUROCLEAR/CLEARSTREAM) фаолияти ўрганилди. Иқтисодиётни янада ривожлантириш, инвестицияларни фаол жалб қилиш ҳамда ишбилармонлик ва сармоявий муҳитни янада яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган тадбирлар режаси етакчи чет эл марказий депозитарийлари ва халқаро депозитар-клиринг тизимлари (ЕвроКлир/Клирстрим) билан ҳамкорлик ўрнатишнинг бирламчи ташкилий масалаларини, шунингдек, қонун ҳужжатлари базасини жаҳон андозаларига мувофиқлаштиришни кўзда тутади.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг тадқиқотлар маркази раҳбари Игорь Бутиков қимматли қоғозлар бозори тараққиётига халал бераётган айрим омиллар хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Фонд бозорининг молия бозорида рақобатга лаёқатсизлиги  ҳамда  кредитлашнинг (банк кредити) монополияси, қимматли қоғозларнинг асосий тури – акцияларнинг ҳаракатсизлиги, қимматли қоғозлар бозори ҳақида ахборот бериш тизимининг самарасизлиги, облигациялар бозори ривожланишининг сустлиги,  қимматли қоғозларни  ҳисобга олиш ва сақлаш, улар савдосини ўтказиш, қимматли қоғозлар  бозорида клиринг операцияларини амалга оширишга имкон берувчи миллий дастурий тизим йўқлиги ва бошқа омиллар мазкур тармоқ оқсашига сабаб бўляпти. Шунингдек, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш Концепциясининг мавжуд эмаслиги ҳамда фонд бозори профессионал иштирокчиларини ўқитиш ва таёрлаш тизимига эътиборсизлик муаммоларни янада кучайтириб юбораётганлиги маърузачи тарафидан таъкидланди. Маърузачи тилга олинган нуқсон-камчиликларга барҳам бериш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини ҳам билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари  Жамшид Урунов, “Каолин плюс” МЧЖ раҳбари Умиджон Санақулов ва бошқалар кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. 

Давра суҳбати иштирокчилари қимматли қоғозлар бозорининг қонуний асосларини такомиллаштириш, Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш Концепцияси ва Миллий дастурий тизимни ишлаб чиқиш, илғор ахборот технологияларини жорий этиш орқали фонд бозорининг мамлакат иқтисодиётидаги ролини фаоллаштириш сингари чора-тадбирлар мамлакат фонд бозорини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, деган хулосага келдилар ва шу асосда келгусида амалга ошириладиган ишларни белгилаб олдилар.