//Солиқ ва божхона имтиёзлари

Солиқ ва божхона имтиёзлари

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва жорий йил 10 июлдаги ”Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарорининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда тутган ўрни”

 мавзуида ўтказилган давра-суҳбати

     Жорий йилнинг 12 июлида Тошкент шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – OʻzLiDeP Ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда  Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ташкилотчилигида  “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ва жорий йил 10 июлдаги ”Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарорининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда тутган ўрни” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон  Республикаси  Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва фермерлар вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбати “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”ни амалга ошириш давлат дастури, 2018-2020 йиллардаги солиқ ислоҳоти концепцияси, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш – солиқ сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаатномасида белгилаб берилган асосий масалаларга қаратилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасида  Солиқ  ислоҳотларининг хуқуқий такомиллаштирилишининг аҳамияти (маърузачи: Комилжон  Юлдашалиевич Эрназаров   –   Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси), Қўшилган қиймат солиғини тўлақонли  занжирини яратиш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини  ошириш мақсадида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш  ва тўлашнинг амалдаги  тартибидаги номутаносибликларини бартараф этиш (маърузачи: Эркин Файзиевич Гадоев   – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи),  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги  “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони  ва жорий йилнинг 10 июлидаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарори мазмун-моҳияти тўғрисида (маърузачи: Кошанов Айдос Турганбаевич  – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПФ-5755- сонли “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонида божхона имтиёзларига доир ўзгаришлар (маърузачи: Файзуллаев Фаррух Шарофович   Ўзбекистон  Республикаси  Давлат Божхона қўмитаси  бошқарма бошлиғи ўринбосари) мавзуларида маърузалар қилинди.

Хусусан, кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар негизида  авваломбор  очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш учун зарур шароитларни яратиш муҳим аҳамиятга эга.  Айни пайтда, иқтисодиётнинг айрим секторларида тадбиркорлик субъектларига сезиларли миқдорда имтиёз ва преференциялар берилганлиги қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибидаги мавжуд бўлган номунатосибликлар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлашда қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имкониятини бермаяпти.

Шу боис, жорий йилдан бошлаб амалга оширилаётган янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш мумкин.

Солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш ва Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларини ҳаётга тадбиқ этиш бугунги кундаги долзарб вазифадир.

Шу ўринда, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”ни тадбиқ этилиши, хўжалик юритувчи субъектларни давлат солиқ хизмати органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида ҳисобга олиш тартиби ва тадбиркорлик субъектларига солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш механизмларини такомиллаштирилиши муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу масалалар ечимини топилиши пировард натижада рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга йўналтирилган солиққа тортиш ва божхона-тариф тизимини тартибга солиш  самарали тизимини шакллантириш, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибидаги номунатосибликларга барҳам бериш, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлашда  қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратишга хизмат қилади.

Давра суҳбати якунлари бўйича республикамизда солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш, тадбиркорликни ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва истиқболдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.