//O’ZLIDEP АҲОЛИ МУАММОЛАРИНИ ЕЧИШГА ЭЪТИБОР ҚАРАТМОҚДА

O’ZLIDEP АҲОЛИ МУАММОЛАРИНИ ЕЧИШГА ЭЪТИБОР ҚАРАТМОҚДА

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан аҳоли вакиллари билан узлуксиз равишда юзма-юз мулоқотлар ташкил қилиб келмоқда. Учрашувлар давомида тадбиркорлар, фермерлар ва аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, ечими юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимига Сурхондарё вилояти Денов туманида истиқомат қилиб келаётган А. Ашатов томонидан мурожаат келиб тушган эди. Унда тадбиркор фаолиятини ташкил этиш учун “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида тижорат банкидан имтиёзли кредит олишда кўмак сўрагани баён қилинган.
– Мамлакатимизда ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган фуқароларга кўплаб имконият ва имтиёзлар яратиб бериляпти. Шу мақсадда ўз тадбиркорлигимни бошлаб оиламиз даромадини оширмоқчи эдим. Имтиёзли кредит олиш мақсадида бир неча бор тижорат банкларига мурожаат қилдим, лекин кредит ажратилишида натижа бўлмади. Муаммоим ҳал бўлмагач, партияга мурожаат қилдим, – дейди фуқаро А. Ашатов.
Мазкур мурожаат партия вакиллари ва мутахассислари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Партия томонидан 2019 йил 2 октябрда Марказий банкка хат юборилган. Аммо марказий банк томонидан 2019 йил 18 октябрда юборилган жавоб хатида қуйидагича маълум қилиб ўтилади. Унга кўра тижорат банклари томонидан аҳоли ва кичик тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7-мартдаги “Ҳудудларда аҳоли тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратилган кредитларнинг сўндирилган қисми хисобидан ажратилиши маълум қилинган.
Юқоридагилардан маълум бўлишича, Марказий банк томонидан муаммога тўлиқ ечим ёки тўлиқ тушунтириш берилмаган ва мурожаат Марказий банк томонидан Сурхондарё вилояти оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказига йўналтирилган. Ваҳоланки, имтиёзли кредитлар давлат дастурлари асосида Марказий банк ва тижорат банклари томонидан ажратилиши белгиланган.
Мутасаддилардан муаммо юзасидан ўз муносабатларини билдиришларини кутиб қоламиз.

O‘zLiDeP Матбуот хизматидан олинди